Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Ёзсанг, ишдан кетасан! Бунақа кайфиятдан қутуладиган пайт ҳам келармикин?

Бу ҳолатни ҳамма билади: ҳар қандай ҳолатда ҳам “текширувчи”лар муаммо сабабини эмас, энг аввало, шикоят муаллифини излашади. Муаллиф топилгач... Айрим жамоаларда муаммо четда қолиб, у билан шуғулланишади. Ачинарлиси шундаки, ўрганишга борганларда ҳам шу кайфият: бир амаллаб тинчитишса, шикоятни ёпишса бўлди. Ва ниҳоят, “тушунтириш хати” олинади, шикоят қилган киши ё ишдан ҳайдалади ёки бир поғона кўтарилади. Тамом, вассалом! Муаммо эса жойида ҳайкалдек тураверади.

Бу фикрлар осмондан тушган эмас. Айниқса, халқ таълими, соғлиқни сақлаш тизимида бирорта ўқитувчи ёки шифокор хизмат сифатини ошириш, интизомни мустаҳкамлаш бўйича фикр билдирмайди. Ўзаро мулоқотда дилдан суҳбатлашсак, “Илтимос, гапимни айтманг, фамилямни кўрсатманг”, деб илтимос қилади. Нега, деб сўрасак, «Барча тоифадаги раҳбарлар ҳам ҳар йиғилишда “ёзувчи” деб масхара қилади, иложи борича дарсни, штатни қисқартиради”, дейди.

Бошқа идораларда ҳам аҳвол шу. Шунинг учун на газета, на ижтимоий тармоқда оддий ходимларнинг ислоҳотларга муносабатини сезмаяпмиз, кўрмаяпмиз. Аниқроғи, айрим раҳбарлар бир пайтлар “кўчанинг гапи” деб ҳисобланган фикр ва хулосалар энди улар фаолиятининг ўлчов мезони эканини англашмаяпти.

Президент Ш.Мирзиёев ўз порталига, Халқ қабулхоналарига эга. Вилоят ҳокими ҳам виртуал қабулга вақтини аямайди. Хўш, вилоят, туман ташкилотлари улардан қачон ибрат олишади? Улар ўз ходимлари фикрини йиғиб, ўрганиб, ўз соҳаси ривожи учун юқори ташкилотга таклиф киритишни қачон ўрганишади?

Фармон ТОШЕВ.