Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Юртимизда “Давлат тили ҳақида”ги қонун қабул қилинганининг ўттиз йиллиги кенг нишонланади

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2019 йил 4 октябрь куни “Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги Қонуни қабул қилинганининг ўттиз йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида” қарор қабул қилди.

Мазкур қарорга кўра, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳридаги барча шаҳар ва туманларда байрам тадбирлари ташкил этилади.

Умумтаълим мактаблари ўқувчилари ўртасида ўзбек тили мавзусида иншолар танловини ўтказилади. Мамлакатимиздаги театрлар ва кинотеатрларда, маданият саройларида буюк алломаларимиз ҳақидаги спектакллар, бадиий ва ҳужжатли фильмлар намойишини ташкил этиш белгиланди.

Шунингдек, сана муносабати билан “Ўзбек тили тараққиёти ва халқаро ҳамкорлик масалалари” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция ҳамда “Ўзбек тилшунослигининг долзарб масалалари” мавзусида республика конференцияси ўтказилади.

Қарорда мамлакатимизнинг хориждаги элчихоналари ва дипломатик ваколатхоналарида ўзбек тилига бағишланган байрам тадбирларини ўтказиш ва “Ўзбек тилининг дўстлари” клубларини тузиш вазифаси белгиланди.

21 октябрь куни Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги санъат саройларида Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги Қонуни қабул қилинганининг ўттиз йиллигига бағишланган тантанали байрам тадбирларини ташкил этилади.