Android qurilmalar uchun Zarnews.uz mobil ilovasi. Yuklab olish x

Юзлаб чўчқалар боқиладиган чиқинди полигони эпидемия келтириб чиқариши мумкин

Ваҳоланки, 40 йилча аввал Хишрав ўзининг соҳиллари ва автодроми билан машҳур бўлган, деб ёзади “Самаркандский вестник”. Самарқандликлар оила бўлиб бу ерларга чўмилгани, яна кимлардир бу ерга автомобиль ҳайдашни ўрганиш ва машқ қилишга келарди. Бироқ бугунги кунда улардан асар ҳам қолмаган. Энди Хишрав 95 гектарга ястанган чиқиндихона билан машҳур.

Тўғри, ҳозирги пайтда Сўлимнинг эгасиз ерлари тадбиркорлар томонидан ўзлаштирилиб, сэндвич-панель, турли металл конструкциялари, балиқлар учун ем ишлаб чиқариляпти,  иссиқхоналар қурилиб, узумзорлар барпо этиляпти. Бироқ полигон яқин экани ҳар қадамда сезилиб туради.

Нашрнинг ёзишича, тадбиркорлар беш метрли девор қуриб, устидан уч метрли тўр тортган ва шу йўл билан учиб юрган пакетларни тўхтатишни режалаштирган. Бироқ бу ҳам етарли даражада ёрдам бермаяпти.

Хишравга кунига ўнлаб, балки юзлаб юк машиналари қурилиш ва бошқа чиқиндиларни олиб келиб тўкишмоқда. Бугунги кунда бу қўрғонда иккита полигон бор. Бири ишламайди, бироқ бу ерга чиқиндилар барибир олиб келиб ташланади. Иккинчисига эса ҳар 10-15 дақиқада Самарқанддан чиқиндилар (бу эса кунига 450 тонна қаттиқ маиший чиқинди дегани) олиб келинади.

 Хишравда биз кўриб турган чиқиндихонани жаҳон стандартларига жавоб берувчи қаттиқ маиший чиқиндилар полигони деб бўлмайди, - дейди ЭКО “Зарафшон” ННТ раҳбари Гауҳар Деушева. – Полигонлар аҳолининг санитар-эпидемиологик хавфсизлигини таъминлаши керак. Бунинг учун, авваламбор, ерости сувлари ифлосланмаслиги учун чиқиндилар пастидан ҳамда ёнидан тўсилиши керак. Бу ерда чўчқа боқиш қатъиян тақиқланади.

 Ушбу ҳудудда чўчқа боқиш мумкин эмаслигини вилоят давлат санитария-эпидемиология назорати марказидан бошлаб ветеринария ходимлари ва участка нозирлари ҳам билишади, бироқ ҳеч қандай амалий чора кўрилмайди. Самарқанд шаҳри давлат ветеринария бўлими бошлиғи ўринбосари Болиқул Ҳакимовнинг сўзларига кўра, барча чўчқалар “Наврўз” маҳалласи фуқароларига тегишли. Улар 100 фоиз шу ерда озиқлантирилади.

 Участка ветеринария нозири Азим Ғафуров билан маҳаллада бу жониворларни доимий равишда куйдирги, ўлат, экзема касалликларига қарши эмлаб келамиз, - дейди Б.Ҳакимов.  Бироқ чўчқа эгаларининг ўзлари ҳам нечта жонивори борлигини билишмайди, чунки уларни қоида бўйича парваришламайди, маҳалла оралаб, йўл четларида юришларига қўйиб беришади. Биз бир неча марта маҳалла аҳлини йиғиб, уларга жониворларни сақлаш қоидаларини тушунтирдик, чўчқалар орасида касаллик тарқалиши хавфи ҳақида айтдик, бироқ одамларга бу гаплар деярли таъсир қилмаяпти. Уларнинг кўпчилиги ҳеч қаерда ишламайди, чўчқа боқиш ягона даромади. Биз ҳар томонлама талабларга жавоб берадиган ихтисослашган йирик чўчқа фермасини ташкил қилишни таклиф қилдик. Бироқ бу уларни қизиқтирмади, чунки шунда улар емиш ҳақида ўйлаши керак бўлади. Бу чиқим дегани, улар эса буни исташмайди.

Бу чўчқаларнинг гўштини аҳолининг ўзи истеъмол қиладими ёки у кимларгадир сотиладими, бу ҳақда мақолада маълумот берилмаган.
 

Чўчқалардан қўшнилар ҳам безор. Улар вилоят ДСЭНМга шикоят қилишдан чарчашган.

 Ҳозир ёз, биз эса чўчқа боқаётган қўшнилар дастидан деразаларимизни очолмаймиз, - дейди “Наврўз” маҳалласида яшовчи Моҳигул Турсунова. – Эрталаб соат 4 да юзлаб чўчқа қўйиб юборилади ва улар тўғри чиқиндихонага қараб кетишади. Бутун кўча сасиб кетади, ҳамма жойни тезаги босиб кетади. Менинг ўзим қишлоқ врачлик пунктида санитарман, тозаликни ёқтираман. Уйимда иккита вояга етмаган фарзандим бор, бироқ бу бедодликка ҳеч қандай чора кўролмайман.

Вилоят ДСЭНМ бош врачи Обрўй Бойқобиловнинг сўзларига кўра, идора ходимлари томонидан антисанитария ҳолатлари бўйича рейдлар ўтказиб келинади, санитария-гигиена қоидаларини бузганлар жаримага тортиляпти. Шаҳар маиший чиқиндилар полигони ходимлари томонидан ҳам муайян ишлар олиб борилаётган экан.

 Чиқиндихона бугунги кунда тўсиқ билан ўралган, чиқиндини сортировка (тартиблаш) қилувчилар учун бино қуриб берилган, - дейди О.Бойқобилов. – Бироқ қаттиқ маиший чиқиндиларни утилизациясига комплекс ёндашув катта маблағни талаб этади. Биз Франциянинг “Самарқанд шаҳрида қаттиқ маиший чиқиндиларни бошқаришни модернизациялаш” лойиҳасига катта умид боғлаганмиз.

 Лойиҳа августда старт олади, - дейди “Мароқанд обод” ДУК эксплуатация бўлими бошлиғи Шоҳруҳ Содиқов. – Мазкур комплекс лойиҳа нафақат Ўзбекистонда, балки бутун Ўзбекистонда ноёб бўлиб, йиғиш, қайта ишлаш ва утилизация – барча жараёнларни ўз ичига олади. Лойиҳада қаттиқ маиший чиқиндиларни саралаш цехи ва чиқинди кўмиш маркази барпо этиш кўзда тутилган. Самарқандда барча санитария қоида ва меъёрларига жавоб берувчи қўшимча 135 та чиқиндихона қурилади. Уларнинг ҳар бирига турли чиқиндилар учун саккизтадан контейнер қўйилади. Шунингдек, биз яқинда 80 та чиқинди ташувчи ва ёрдамчи техникани етказиш учун тендер эълон қиламиз. Бу техникалар йилнинг охиригача шаҳар бўйлаб қатнашни бошлайди.

Мутахассиснинг таъкидлашича, лойиҳага асосан органик чиқиндилардан ажралиб чиқувчи газларни йиғадиган ускунани ўрнатиш режалаштирилган. Бу газ чиқинди ташувчи ва бошқа машиналарга қуйилади, полигонни электр қуввати билан таъминлайди.

Эслатиб ўтамиз, 2016 йил декабрида шу ҳудудга юзлаб эшаклар олиб келиниб, териси шилиниб, суяк ва гўштлари ташлаб кетилган (видео). Натижада хавфли эпидемиологик вазият юзага келганди.