Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Зарафшон кўпригида тунги ва кундузги махсус ўқув машғулотлар ўтказилди (фото видео)

Халқаро аҳамиятга эга М-39 йўлидаги Зарафшон автомобиль ва темирйўл кўпригида илк бор Самарқанд шаҳридаги Қуролли Кучлар куч тузилмалари ҳамкорлигида кенг миқёсдаги тунги ва кундузги ўқув машғулотлари ўтказилди. Бу ҳақда Марказий ҳарбий округ матбуот хизмати маълум қилди.

Марказий ҳарбий округи қўшинлари қўмондонининг моддий-техник таъминот бўйича ўринбосари раҳбарлигида ўтган уч босқичдаги махсус ўқув машғулотларнинг биринчи куни Зарафшон темирйўли кўприги яқинида 300 метр масофада ҳаракатдаги поезд шартли равишда портлатилди. “Зарафшон – Жомбой” йўналишида 3711 км. ПК-9 нуқтасидаги жуфт йўлда тунги соат 02.30 да содир бўлган ҳолатни ўрганиш ва тезкор чоралар кўриш мақсадида, Ички ишлар вазирлиги ва Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг тезкор гуруҳлари етиб келди.

Қисқа фурсатда хавф бартараф этилди. Издан чиққан вагонни рельсга қўйиш учун 350 тоннали кран ишга тушди. Ёнғин ўчирилди. Ярадорлар қутқарилиб, жой яна бир бор махсус кўрикдан ўтказилди.

Ўқув машғулотнинг иккинчи босқичда тегишли Кучишлатар тузилмаларнинг тезкор бўлинмалари зиммасига М-39 йўлдаги Зарафшон автомобиль кўпригига ўрнатилган минани зарарсизлантириш ҳамда йўқ қилиш вазифаси юклатилди.

Дастлаб, минани ўрнатган шахслар жойлашган объект аниқланиб, уларни қўлга олиш бўйича йиғма махсус гуруҳ тузилди.

 Юздан ортиқ хавфли миналарни зарарсизлантирган Ички ишлар вазирлиги махсус операцияларни мувофиқлаштириш бошқармаси отряд командири ўринбосари, “Жасорат” медали соҳиби, подполковник Жонибек Нуримов “Телегроп” русумли роборти ёрдамида миналарни музлатиб қўйди. Яъни роборт машина орқали портловчи воситанинг ишчи ҳолати тўхтатилиб, йўқ қилинди.

 Ушбу ўқув машғулотларнинг учинчи босқичи Самарқанд ҳарбий ҳаракатлар бўлими томонидан ўтказилиб, ҳарбий техникаларни ва моддий воситаларни темирйўл поездига юклаш ва ташиш каби тадбирларини ўз ичига олди.