Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

«Зармитан» олтин конидан портловчи моддаларни олиб чиқиб кетишга уринган фуқарога суд ҳукми ўқилди

Жорий йилнинг 25 август куни Навоий кон-металлургия комбинати давлат корхонаси тасарруфидаги Жанубий кон бошқармасига қарашли «Зармитан» конида портлатувчи бўлиб ишлаб келган Амриддин Йўлдошев (исм, фамилиялар шартли) ўзига ишониб топширилган портловчи моддаларни қонунга хилоф равишда олиб кетаётган вақтида кон маъмурий биносининг кириш қисмида ушланган.

А.Йўлдошев лавозим йўриқномасига кўра, ўзи қабул қилиб олган портловчи моддаларни доимий назорат остига олиши, уларни бегона кишиларга берилиши, йўқолиши, ўз-ўзидан йўқ бўлиб кетиши ёки қазилма жойларида, ер юзаларида қолиб кетиши, портловчи моддаларни керакли мақсадларда ишлатиши, шунингдек, портлатиш ишлари тугаганидан кейин ишлатилмаган портловчи модда қолдиқларини омборхонага топшириши керак бўлган.

Аммо у ўша куни 4 дона портловчи моддаларни ҳамда уларни ҳаракатга келтирувчи 2 дона капсюл-детонатор воситаларини олиб кетмоқчи бўлган.

Жиноят ишлари бўйича Қўшработ тумани суди А.Йўлдошевни Жиноят кодексининг ўқотар қурол, ўқ-дорилар, портловчи моддалар ёки портлатиш қурилмаларини қонунга хилоф равишда эгаллаш моддаси билан айбли, деб топди.

Уни 3 йил муайян ҳуқуқдан, яъни НКМК ДКга қарашли конларда портлатувчи вазифасида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, 5 йил озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

Илҳом ҒУЛОМОВ,

жиноят ишлари бўйича Қўшработ тумани суди раиси.