Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

"Зириллама томонларда" Ёхуд Саид Аҳмаднинг "Уфқ" романи Каттақўрғон саҳнасида

Ўтган асрнинг 40-йиллари... Тинч, осуда Ўзбекистонда чўл­ларни ўзлаштириш бошланиб, янги ерлар очилаётган, Катта Фарғона каналини халқ ҳашари билан қазиш ишларига киришилган паллалар.

Водийнинг Зириллама қишлоғидаги ҳар бир хонадонга ҳам ўша йиллари ўттиз-қирқ сотихдан тўқайзор ерлар ўлчаб берилган. Мақсад – тўқайларни ўзлаштириб, асрлар давомида қақраб ётган ерларда боғ-роғлар барпо этиш, пахта етиштириш эди.

Зирилламалик деҳқон Икром ака ҳам бу ҳашарларда ғайрату ибрат кўрсатган. Унинг ягона фарзанди – Аллоҳдан тилаб олган Турсунбой эса отасининг акси: эркатой, тантиқ, уйқучи, меҳнатдан қочадиган бола. Мактабда номигагина ўқигани боис бирор касбга қизиқмай, танбал, дангасага айланди.

1941 йил. Уруш бошланди. Хонадон соҳиби Икромжон ака биринчилар қатори Ватан ҳимоя­сига отланди. Жанггоҳларда шижоат кўрсатиб, қўмондонликдан нишонлар олди. Аммо уруш уни аямади. Дайди ўқнинг аянчли асорати боис она қишлоғи Зирилламага бир оёғини фронтда қолдириб қайтди.

Жанг майдонларида йигитлар жон бериб, жон олаётган йилларда эркатой Турсунбой қочоқ, қўрқоқ деган ном олиб, қишлоқдошлар назаридан қолди. Номард йигит тўқайга яшириниб, урушга бормади, фронт ортидаги қишлоқдошларининг нафратига учради. Турсунбойдан Она ҳам, бўлажак келин Зеби ҳам юз ўгирди. Элдан ажралган Турсунбой хору зор бўлди.

Саид Ахмаднинг “Уфқ“ романида баён этилган воқеалар замирида тинчлик, уруш, мардлик, садоқат, фарзандлар тарбияси мавзулари мужассам. Бу китоб бугун ҳам китобхонлар орасида қўлма-қўл, китоб жавонларимизга файз киритиб турибди. Роман асосида телеспектакль ва саҳна томошалари ҳам яратилди.

Тажрибали драманавис, театршунос Маъмуржон Умаров “Уфқ“ романи асосида “Зириллама томонларда“ деб номланган пьеса ёзди.

Мазкур инценировка яқинда Каттақўрғон шаҳар драма театрида саҳналаштирилиб, кенг жамоатчилик кўригидан ўтказилди. Ёш, умидли режиссёр Ферузбек Абдураимов ва мусаввир Азим Расуловларнинг ҳамкорлиги ижобий самара берганлигини алоҳида таъкидлаш жоиз. Спектаклдаги Жаннат хола, Икромжон, Турсунбой, Зеби каби ролларни театрнинг етук актёрлари Гулнора Ризаева, Анвар Қаршибоев, ёш, иқтидорли артистлардан Жасур Ахматов, Азиза Маматмуродова ва бошқалар қиё­мига етказиб, талқин этишган.

Спектаклнинг кенг жамоатчилик кўриги қизғин баҳс-мунозаралар уйғунлигида ўтди. Унда қатнашган тошкентлик тажрибали режиссёр Тожибой Исроилов, Ўзбекистон санъат ва маданият институти ўқитувчиси Матлуба Исоқова, Каттақўрғон шаҳар маданият бўлими мудири Одил Бозоров ва бошқалар янги томошани саҳналаштириш жараёнидаги ютуқ ва камчиликлар ҳақида ўз фикрларини баён этишди.

“Зириллама томонларда“ спектакли Янги йил байрамида томошабинларга туҳфа этилмоқда.

Абдуазиз ҲОШИМОВ.