Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Зиёвуддин шаҳарчасида улкан қурилиш-бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда

Халқимизда «Ҳашар – элга ярашар», деган пурмаъно ҳикмат бор. Азалдан халқимиз ҳашар орқали улкан бунёдкорлик ишларини амалга оширган, машаққатли юмушларни осонгина бажарган.

Икки кундирки, Пахтачи тумани маркази – Зиёвуддин шаҳарчасида халқимизнинг ушбу қадимий анъанаси бўй кўрсатмоқда. Бу ерда вилоятимизнинг турли ҳудудлари ва турли корхона-ташкилотларидан келган ҳамда маҳаллий аҳолидан иборат 5 мингдан зиёд кишилар қурилиш-бунёдкорлик ҳамда тозалаш-ободонлаштириш ишларини олиб бормоқда.

- Президентимиз ташаббуси билан жойларда «Обод маҳалла», «Обод қишлоқ», «Обод марказ», деб аталаётган бунёдкорлик услублари қисқа фурсатда ўз самарасини бермоқда, - дейди меҳнат фахрийси “Нуроний” жамғармаси Пахтачи тумани бўлими раиси Музаффар Самандаров. – Бунинг натижасида эски бинолар ўрни замонавий иншоотлар билан, тор ва чанг кўчалар кенг, равон, асфальт йўллар билан алмашмоқда. Одамлар ўз яшаш жойини обод қилиш учун қўлидан келган кўмакни беришни мақсад қилиб, кўтаринки кайфият билан ҳашарга чиқмоқда. Муҳими, Зиёвуддиндаги саъй-ҳаракатлар биз, пахтачиликларни эзгу мақсад йўлида бирлаштирди.

Дарҳақиқат, айни кунларда Зиёвуддин шаҳарчаси катта қурилиш майдонига айланган. 100 дан зиёд қудратли техникалар ёрдамида бунёкорлик ва тозалик ишлари самарали ташкил этилган. Шаҳарча марказидаги истироҳат боғи кенгайтирилмоқда, фуқароларнинг юмушларини бир жойда ҳал қилишларини таъминлаш учун давлат ташкилотларининг маъмурий бинолари, супермаркет, минимаркет, масжид, кўркам автошоҳбекат қурилмоқда.

Шунингдек, 15 километр йўлга асфальт ётқизиш, 8 маҳаллада қурилиш-ободонлаштириш ишлари олиб борилиб, 78 та ички йўллар таъмирланмоқда. Йўл бўйларидаги бино ва иншоотлар, савдо, маиший ва хизмат кўрсатиш шохобчалари замонавий кўринишга келтирилмоқда, йўл четлари ободонлаштирилиб, ирригация тармоқлари, бетон лотоклар, тунги ёритиш чироқлари ўрнатиляпти. Дастур асосида шаҳарчада 21 километр пиёдалар йўлагини қуриш белгиланган бўлиб, айни пайтгача 7,5 километр йўл барпо этилди. Йўл ёқасидаги мавжуд 2,5 мингта аҳоли хонадонларининг 1100 тасининг фасад қисми таъмирланди. Бунинг учун вилоят ҳокимлиги томонидан зарур қурилиш ашёлари тўлиқ етказиб берилди.

- Туманимиз марказида улкан бунёдкорлик ишлари олиб борилаётганини кўриб, уйда ўтиролмадим, - дейди тумандаги «Ғаллакор» фермер хўжалиги бошлиғи Норхол Қурбонова. – Олти нафар ўғлимни ёнимга олиб, ҳашарга отландим. Зиёвуддин шаҳарчаси марказида ўз ҳисобимиздан болалар учун 50 ўринли икки қаватли мактабгача таълим муассасаси қуришга киришдик. Уни мустақиллик байрами арафасида фойдаланишга топширамиз.

Иззатулла НОРҚУВВАТОВ.