Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Аравачадаги бахтиёр кишилар

Японларда шундай мақолга айланган гап бор: "Инсон меҳрга муҳтож, кучли - ожизга, ёш - кексага, соғлом - хастага ёрдам бериши керак. Негаки, эртами-кечми, уларнинг ҳолига тушиши мумкин".
Бу юртда биринчи марта бўлган киши кўчада ногиронлар кўплигидан ҳайрон қолади. Аслида улар дунёдаги ҳар қандай шаҳардагидан оз. Чунки бошқа мамлакатларда ногиронлар уйдан кўчага чиқиш имкониятига эга эмас.

Кунчиқар мамлакатда эса ҳаммаси бошқача. Жисмоний имконияти чекланган кишилар аравачаларда бемалол йўлакларда ҳаракатланишади, дўконларга киришади, музейларни томоша қилишади. Жамоат транспортидан фойдаланишади, таксиларда кетишади, махсус жиҳозланган шахсий автомобилларда юришади. Бошқача айтганда, оддий одамлар қатори тўлақонли ҳаёт кечиришади.

Японияда ўтган асрнинг 90-йиллар бошларида қабул қилинган «Ногиронларга нисбатан сиёсат» дастури муваффақиятли амалга оширилмокда. Унинг мақсади – имконияти чекланган фуқароларни бошқалар қаторида эркин ҳаракатланиши, ишлаши, дам олиши, ҳаётдан завқ олишига шароит яратиб бериш.

Японияда ҳамма жойда ногиронлик аравачасида ҳаракатланиш учун махсус пандуслар – чиқиш, тушиш жойлари бор. Улар хавфсизлик панжаралари кўтарма мосламалари билан ҳимояланган. Йўлаклар, туннеллар, жамоат транспортлари шундай махсус мосламаларга эга.
Кўзи ожизлар учун чорраҳаларда светофорлар чироғи ёниши овозли сигнал билан маълум қилинади. Табличка кўрсаткичлари Брайл шрифти билан таъминланган. Ана шундай қулайлик билан таъминланганлик туфайли кўзи ожизлар шаҳар кўчаларида бемалол ҳаракатланишади. Универмагларга киришади, касалхоналарни, жамоат биноларини адашмай топиб боришади.

Лифтсиз уйларда ногиронлар биринчи қаватда яшашади. Лифтли уйларда эса ногиронлик аравачасини олиб чиқиш, тушириш учун махсус канат кўтаргичлар ишлаб туради.
Театр, кинозал, ҳаммомлар, бассейнларда ногиронлар учун жойлар бор. Уларнинг ўқиши, ишга қабул қилиниши ва соғлом кишилар билан тенг ҳаёт кечириши, жамоат ишларида иштирок этишида имтиёзлар жорий этилган.

«Мир новостей» (2020, 23-сон)дан Т.Шомуродов тайёрлади.