Охирги янгиликлар

Дилларга завқ-шавқ улашган байрам Шарқ тароналари 2017 / Маданият

Дунёнинг 56 давлатидан 260 дан зиёд санъат намояндалари иштирок этиши кутилаётган "Шарқ тароналари" XI халқаро мусиқа фестивали очилишига саноқли кунлар қолди. Самарқандда фестиваль меҳмонларини кутиб олишга тайёргарлик қизғин. Жумладан, меҳмонларга ҳамроҳлик қилувчи гид-таржимонлар зиммасига ҳам катта масъулият юкланган. Бу йилги фестиваль таассуротлари ҳали олдинда, биз нуфузли фестивалда немис делегациясига ҳамроҳлик қилган СамДЧТИ немис тили ва адабиёти кафедраси ўқитувчиси Зоҳид Бектемиров билан суҳбатда ўтган фестиваллар ҳақидаги таассуротлар билан қизиқдик. 

– Илк бор "Шарқ тароналари" IV халқаро мусиқа фестивалида (2003 йил) немис тилида сўзлашувчи иштирокчиларга таржимон бўлганман, – дейди Зоҳид Бектемиров. – Мана шундан буён ҳар галги фестивалда Германия делегациясига гид-таржимон сифатида ҳамроҳлик қилиб келаман. Дунё халқларини бирлаштирган мазкур фестивалнинг нуфузи, савияси шунчалар баландки, иштирокчилар кейинги йилларда ҳам фестивалда қатнашиш истагини билдиришади. Масалан, мен ҳамроҳлик қилган "Ахои Култур" маданий ташкилоти раҳбари Маҳиде Лайн бошчилигидаги мусиқий гуруҳ фестивалда бир неча марта иштирок этиб, турли номинацияларни қўлга киритди. 

Фестиваль жараёнлари, бутун дунёдан келган иштирокчиларнинг чиқишлари, умуман, Самарқанддаги мусиқа байрамидан олинган таассуротлар ажойиб лаҳзалар сифатида меҳмонларнинг хотирасида қоладики, ўз юртларига қайтганларидан кейин интернет орқали мулоқотда бўлганимизда Самарқанд, Ўзбекистондаги ўзгаришлар ҳақида доим қизиқиб сўрашади. Шаҳримиздаги тарихий обидалар, маданий ёдгорликлар, ўзбек халқининг меҳмондўстлиги уларда катта таассурот қолдиради. Фестиваль иштирокчиларининг қизиқишлари фақат мусиқа байрами жараёнлари, ўзбек санъати ва маданиятини ўрганиш билан чекланиб қолмайди, улар Ўзбекистонда олиб борилаётган сиёсат, иқтисодий кўрсаткичлари ҳақида кўпроқ маълумотга эга бўлишни исташади. Аҳолининг ҳаёт тарзи, яшаш шароитлари билан қизиқишади. Самарқанд шаҳрининг кўркамлиги, меҳмонларни чинакамига ҳайратга соладиган муҳташам Регистон майдони, қўҳна обидаларни зиёрат қилишар экан, келажакда бу ерга мустақил сайёҳ сифатида оилавий келишларини айтишади. 

Халқаро фестиваль иштирокчилари ўзбек мусиқа маданияти, миллий созларимизга катта қизиқиш билдиришади. Немисзабон ҳамроҳларим миллий мусиқа асбобларимизни қўлларига олиб, куй ижро этишга ҳаракат қилганда, бу созлардан таралаётган оҳанг уларни қанчалар ўзига маҳлиё қилганига гувоҳ бўлганман. Кечки гала-концертларда турли миллат халқларининг ўзаро жам бўлиб, фикр алмашишлари, бир ижрочининг тўрт, беш, ўнтагача мусиқа асбобларини профессионал даражада чалиши, у ердаги завқ-шавқни сўз билан таърифлаш мушкул. 
Айни пайтда институтда "Шарқ тароналари" XI халқаро мусиқа фестивали иштирокчиларига бевосита ҳамроҳлик қиладиган гид-таржимонлар меҳмонларни кутиб олишга қизғин тайёргарлик кўрмоқда. Бу йил Германия давлатидан мусиқий гуруҳ ва конференция иштирокчиларидан иборат 9 нафар қатнашчи келиши кутилмоқда. Уларга 2 нафар гид-таржимон бириктирилади. 
Зилола ОМОНОВА.