Охирги янгиликлар

Самарқанд шаҳар Кенгашининг сессияси Сиёсат

3 февраль куни халқ депутатлари Самарқанд шаҳар Кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди.
Сессияда вилоят ҳокими Ҳ.Оқбўтаев маъруза қилди. 
Маърузачи Самарқанд шаҳрини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли фаровонлигини ошириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ўз самарасини бераётганини таъкидлади. Кейинги йилларда шаҳарда кенг кўламли қурилиш-бунёдкорлик ишлари олиб борилиб, замонавий тураржой бинолари, ижтимоий соҳа объектлари қад ростлади. Йўлларни кенгайтириш ва реконструкция қилиш борасида кўплаб янги лойиҳалар бажарилди. 
Саноатни ривожлантириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш юзасидан кўрилаётган чора-тадбирлар натижасида Самарқанд шаҳрининг вилоят иқтисодиётидаги ўрни ошиб бормоқда.
– Лекин Самарқанднинг мавжуд салоҳият ва имкониятларидан унумли фойдаланиб, бу кўрсаткичларни яна ҳам ошириш мумкин, – деди вилоят ҳокими. – Айниқса, хизмат кўрсатиш ва сервис, хусусан, коммунал соҳада ҳали шаҳарда ечимини кутаётган жуда кўп муаммолар мавжуд. Шунингдек, йирик саноат корхоналари қувватини ошириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини кучайтириш борасида тизимли ишларни амалга ошириш зарур.
Сессияда ташкилий масала кўрилди. Акбар Шукуров бошқа ишга ўтгани муносабати билан Самарқанд шаҳар ҳокими вазифасидан озод этилди.
Вилоят ҳокими тавсиясига кўра, шу пайтгача Паст Дарғом тумани ҳокими вазифасида ишлаб келаётган Воҳид Санақулович Раҳимов Самарқанд шаҳар ҳокими этиб тасдиқланди.