Охирги янгиликлар

Халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг ҚАРОРИ Сиёсат

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ҳузуридаги ички ишлар органларининг жиноятчиликка қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси борасидаги фаолияти устидан парламент ва жамоатчилик назоратини амалга ошириш бўйича вилоят ҳудудий комиссиясини ташкил этиш тўғрисида

Вилоятда жиноятчиликка қарши кураш, унинг олдини олиш, ҳудудда криминоген вазиятни барқарор сақлаш борасида амалга оширилган ишлар таҳлил қилинди.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва ҳокимият органлари ҳамда бошқа мутасадди идоралар томонидан жиноятчиликка қарши курашиш, унинг олдини олиш борасида бирмунча ишлар амалга оширилган.
Бунинг натижасида 2016 йилда вилоятда умумий жиноятчилик 7484 тадан 7481 тага камайган. Шу билан бирга, номусга тегиш 77 тадан 66 тага (14 фоиз), босқинчилик 45 тадан 40 тага (11 фоиз), талончилик 110 тадан 79 тага (28 фоиз), товламачилик 57 тадан 34 тага (40 фоиз), автотранспортни олиб қочиш 40 тадан 29 тага (27 фоиз), безорилик 255 тадан 205 тага (19 фоиз) камайган.
Лекин қасддан одам ўлдириш 3,8 фоизга (53-55), оғир тан жароҳати етказиш 13,2 фоизга (167-189), ўғирлик 12,6 фоизга (937-1055), фуқароларимизни жамиятга ва давлат идораларига ишончини сўндирадиган фирибгарлик жинояти 11,2 фоизга (659-733) кўпайиб, ойма-ой ўсиб келган.
Вилоятда содир этилган номусга тегиш, қасддан одам ўлдириш, оғир тан жароҳати етказиш, фирибгарлик ва босқинчилик жиноятларига қарши кураш, унинг олдини олиш борасидаги ишлар етарли самара бермаганлигидан далолат беради.
Ўтган йилда вилоятда содир этилган жиноятларни ҳар 100 минг аҳолига нисбати олинганда 134 тадан жиноят тўғри келган. Шу билан бирга, 2016 йилда 5785 нафар фуқаролар томонидан жиноят содир этилган бўлиб, уларнинг 137 нафарини вояга етмаганлар, 723 нафарини аёллар, 1458 нафарини ўқимайдиган ва ишламайдиганлар ташкил этган.
Вилоятда мавжуд 1108 та маҳаллаларнинг 954 тасида ёки 86 фоизида турли хил жиноятлар содир этилган бўлиб, бу даврда вилоят ҳудудида содир этилган қотиллик жиноятлари 3,8 фоизга ( 53 тадан 55 тага) ошишига Самарқанд шаҳрида 10 тадан 15 тага, Каттақўрғон шаҳрида 1 тадан 5 тага, Булунғур туманида 2 тадан 5 тага, Иштихон туманида 1 тадан 3 тага, Ургут туманида 3 тадан 4 га кўпайганлиги сабаб бўлган.
Қотиллик жиноятларини 53 нафар эркак, 7 нафар аёллар содир этган. Улардан 41 нафари оилали, 14 нафари оила қурмаган, 5 нафари эса ўз оиласидан ажрашган шахслар.
Юқоридагиларни инобатга олиб, ички ишлар органларининг ҳуқуқбузарликлар профилактикаси борасидаги фаолияти устидан жамоатчилик назоратини янада кучайтириш мақсадида халқ депутатлари вилоят Кенгаши ҚАРОР ҚИЛАДИ:
 
1. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг 2017 йил 25 февралдаги "Ички ишлар органларининг ҳуқуқбузарликлар профилактикаси борасидаги фаолияти устидан парламент ва жамоатчилик назоратини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги КҚ-150-III-сонли қарори маълумот ва ижро учун қабул қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ҳузуридаги Ички ишлар органларининг жиноятчиликка қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси борасидаги фаолияти устидан парламент ва жамоатчилик назоратини амалга ошириш бўйича комиссиясининг Ҳудудий комиссияси (бундан буён матнда Ҳудудий комиссия деб юритилади) 1-иловага мувофиқ таркибда тузилсин.
3. Ҳудудий комиссиянинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгилансин:
ички ишлар органларининг жиноятчиликка қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси борасидаги фаолиятини жойларга чиқиб ўрганиш;
ўрганиш натижаларини халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгашлари сессияларида мунтазам муҳокама қилиб борилишини ташкил этиш;
Аниқланган муаммолар жойида бартараф этилишига доир чораларни кўриш;
жиноятларнинг келиб чиқиш сабабларини чуқур таҳлил қилиш;
соҳани ривожлантиришга қаратилган таклифлар ишлаб чиқиш.
4. Ҳудудий комиссия ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг 2017 йил 25 февралдаги КҚ-150-III-сонли қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ҳузуридаги Ички ишлар органларининг жиноятчиликка қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси борасидаги фаолияти устидан парламент ва жамоатчилик назоратини амалга ошириш бўйича комиссия ва Ҳудудий комиссиялар тўғрисидаги низомга (2-илова) мувофиқ амалга ошириши белгилаб қўйилсин.
5. Ҳудудий комиссия аъзоларининг ҳудудлар бўйича тақсимоти 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
6. Вилоят ички ишлар бошқармаси (Ф.Қувондиқов)нинг ҳисоботини йилнинг ҳар чорагида вилоят Кенгаши сессияларида эшитиб бориш амалиёти йўлга қўйилсин.
7. Халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгашларига туманлар ва шаҳарлар ички ишлар бўлимлари раҳбарларининг ҳисоботларини ҳар ойда халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгаши сессияларида муҳокама қилиш амалиётини йўлга қўйиш тавсия этилсин.
8. Ушбу қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
9. Мазкур қарор ижросини назорат қилиш халқ депутатлари вилоят Кенгашининг Қонунийлик, ҳуқуқ-тартибот ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш масалалари бўйича доимий комиссияси (О.Ахтамов)га юклансин.

Вилоят Кенгаши раиси Ҳ.ОҚБЎТАЕВ
2017 йил 3 март



Исм:*
E-Mail:
Изох:
Кодни киритинг: *
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив