Охирги янгиликлар

Ҳаракатлар стратегиясида ОАВнинг ўрни қандай? Сиёсат

2017-2021 йилларда Ўзбекистонни ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини амалга ошириш юртимиз учун қандай имкониятларни юзага чиқаради? Нималарга эришамиз? Бунинг учун қандай вазифаларни амалга ошириш керак? Бунда оммавий ахборот воситаларининг роли қандай? 
Самарқанд шаҳрида ўтказилган "2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида амалга оширишга оид Давлат дастурининг бажарилиши устидан кенг жамоатчилик назоратини ўрнатишда ОАВнинг роли" мавзусида семинар-тренингда шу каби саволлар ўртага ташланди.

Ўзбекистон мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди ташаббуси билан ўтказилган тадбирда вилоятда фаолият кўрсатаётган оммавий ахборот воситалари раҳбар ва ходимлари иштирок этди. 
Таъкидландики, Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси олиб борилаётган ислоҳотлар самарасини янада ошириш, давлат ва жамият ривожини янги босқичга кўтариш, ҳаётнинг барча соҳаларини либераллаштириш, мамлакатимизни модернизация қилиш бўйича энг муҳим устувор йўналишларни амалга оширишга хизмат қилиши шубҳасиз. Сабаби, бу лойиҳа орқали юртимиз фуқаролари нафақат ўзлари, балки умуммиллий аҳамиятга молик турли жабҳаларда учрайдиган муаммолар ечими юзасидан ўз таклиф ва мулоҳазаларини билдиришлари мумкин.

Ҳаракатлар стратегияси беш босқичда, келгуси беш йил мобайнида юртимизда йилларга бериладиган номлардан келиб чиқиб, давлат дастурлари қабул қилинишини назарда тутган ҳолда амалга оширилади.
Семинарда халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлари, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти Самарқанд вилояти ҳудудий бўлинмаси масъул ходимлари, ҳуқуқшунос олимлар Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифалар ижроси бўйича ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.
– Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналишидан бири сифатида давлат ва жамият қурилишини такомиллаштириш белгиланган, – дейди вилоят адлия бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Ҳусан Хўжамқулов. – Бунда демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш ҳамда мамлакатни модернизация қилишда парламент ва сиёсий партияларнинг ролини янада кучайтириш бўйича аниқ чоралар кўзда тутилган.

Зеро, айнан ҳокимиятнинг вакиллик органлари Конституция ҳамда қонунларга мувофиқ, стратегик вазифаларни муваффақиятли ҳал этишнинг мустаҳкам ва самарали ҳуқуқий негизини яратишга ваколатли ҳисобланади. 
Семинарда Ҳаракатлар стратегиясида кўзда тутилган ислоҳотлар тарғиботи ҳамда жамоатчилик назоратини ўрнатишда оммавий ахборот воситалари олдида турган вазифалар хусусида иштирокчилар ўзаро фикр алмашишди. Шунингдек, оммавий ахборот воситалари ходимлари учун айни масалага бағишланган амалий машғулот ўтказилди.
Ўз мухбиримиз.


Исм:*
E-Mail:
Изох:
Кодни киритинг: *
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив