Охирги янгиликлар

Суд тизими тузилмаси тубдан такомиллаштирилди Сиёсат

Президентимиз Ш.Мирзиёевнинг 2017 йил 21 февралдаги "Ўзбекистон Республикаси суд тизими тузилмасини тубдан такомиллаштириш ва фаолияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармонига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Олий хўжалик суди фуқаролик, жиноий, маъмурий ва иқтисодий суд иш юритуви соҳасида суд ҳокимиятининг ягона олий органи – Ўзбекистон Республикаси Олий судига бирлаштирилди. Ушбу ислоҳот суд тизимини бошқаришдаги бир-бирини такрорловчи функцияларни бартараф этишга ҳамда ягона суд амалиётини шакллантиришга олиб келади.
Замонавий талаблардан келиб чиқиб, шунингдек, тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар хўжалик судлари тегишли иқтисодий судлар этиб ўзгартирилди. Бунда мамлакатнинг иқтисодий салоҳияти ва тадбиркорлик субъектларининг ортиб боришини ҳисобга олган ҳолда туманлараро, туман (шаҳар) иқтисодий судлари ташкил этилмоқда.

Фармонда назарда тутилган талабларни амалга ошириш бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритишни тақозо этарди. Шундан келиб чиқиб, 2017 йил 6 апрелда "Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартишлар ва қўшимча киритиш тўғрисида" Қонун қабул қилинди. Унга кўра, Конституциямиздаги суд тизими билан боғлиқ бир қатор моддаларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. 
Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик судини бирлаштириш, маъмурий ҳамда иқтисодий судларни ташкил этиш тўғрисидаги қоидалар 2017 йил 1 июндан эътиборан амалга киритилади. 
Камолиддин ТЎХТАЕВ,
вилоят хўжалик суди судьяси.


Reklama huquqi asosida