Охирги янгиликлар

Жомбой тумани Кенгаши сессияси Сиёсат

17 апрель куни халқ депутатлари Жомбой тумани Кенгашининг навбатдаги сессияси бўлиб ўтди. 
Дастлаб сессияда халқ депутатлари туман Кенгаши раиси жамоатчилик асосида фаолият юритадиган ўринбосарини сайлаш тўғрисидаги масала кўриб чиқилди. Туман Кенгаши депутати Зарифа Юсупова  ушбу вазифага сайланди.
Шундан сўнг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Раиси Н.Йўлдошев сўзга чиқиб, Президентимиз томонидан Олий Мажлис Сенати зиммасига ички ишлар органларининг жиноятчиликка қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси борасидаги фаолияти устидан парламент ва жамоатчилик назоратини олиб бориш вазифаси қўйилганлигига тўхталди. 
Шу асосида Олий Мажлис Сенати комиссияси ҳамда ҳудудий комиссиялар ташкил этилди. Самарқанд вилояти ҳудудий комиссияси 10 кун давомида Жомбой туманида ички ишлар бўлимининг жиноятчиликка қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўйича фаолиятини ўрганди.

Сессияда ушбу ўрганишлар натижаси юзасидан ички ишлар органларининг жиноятчиликка қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси борасидаги фаолияти устидан парламент ва жамоатчилик назоратини амалга ошириш бўйича вилоят комиссияси раиси О.Аҳтамов ахборот берди.
Таъкидланишича, Жомбой туманида жорий йилнинг ўтган уч ойи давомида 58 та жиноят содир этилган бўлиб, жиноятчилик ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 2 тага камайган. Бироқ жиноятларнинг фирибгарлик, гиёҳвандлик, одам ўлимига сабаб бўлган йўл-транспорт ҳодисаси билан боғлиқ турлари ошган. Маҳаллаларнинг 18 тасида жиноятлар содир этилган.

Айрим профилактика инспекторларининг малакасизлиги, ўзининг билим ва кўникмаларини ҳамда амалий тажрибасини оширишга истаги ва интилиши йўқлиги, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси борасида давлат ва нодавлат идоралари билан ўзаро ҳамкорлик қилмаганлиги, шунингдек, қонун бузилиши ҳолатларига йўл қўйганлиги аниқланди. 
Ўрганиш жараёнида 329 та шаръий никоҳда бўлган оилалар аниқланди ва бу оилаларнинг қонуний никоҳдан ўтиши ҳамда фарзандларини туғилганлик гувоҳномалари билан тўлиқ таъминлашга эришилди.
Қайд этилган камчиликлар юзасидан мутасадди раҳбарларнинг тушунтиришлари тингланди.