Охирги янгиликлар

Суд ходими пора сўради Сиёсат

Суд ходими 300 доллар пора эвазига ҳайдовчилик гувоҳномасини қайтаришга ваъда берди.
Ўзбекистонда суд ҳокимияти органларида коррупцион кўринишларга қарши кураш фаоллашди. Порахўрликка кескин чек қўйилмоқда. Шу билан бирга, суд корпуси вакилларининг ҳалол-покиза ишлаши учун зарур шароитлар яратилган. Бироқ шунга қарамасдан, ҳозиргача ғаразли мақсадларда хизмат лавозимига доғ тушираётганлар учраб турибди. Podrobno.uz хабар беришича, яқинда Миллий хавфсизлик хизмати Самарқанд вилояти бошқармаси тезкор ходимлари бошқа ҳуқуқ-тартибот органлари вакиллари билан биргаликда порахўрликда айбланаётган жиноят ишлари бўйича Тойлоқ суди ходимини қўлга туширди.

Олинган маълумотга қараганда жиноят ишлари бўйича Тойлоқ суди суд котиби Улуғбек Турумов Самарқанд вилоятида яшовчи фуқародан маст ҳолда автотранспорт воситасини бошқаргани ҳақидаги маъмурий ишни ёпиш эвазига 300 АҚШ доллари таъма қилган. Шу пул эвазига у 3 ой ичида ҳайдовчилик гувоҳномасини қайтариб беришни ваъда қилган. Суд ходими талаб қилинган 300 долларни олаётганда қўлга олинди.Турумовнинг хизмат хонаси ва шахсий автотранспорти кўздан кечирилганда тезкор ходимлар яна 1700 доллар ва 1,8 миллион сўм пулни аниқладилар. Айбланувчи бу пуллар қаердан келганини тушунтириб беролмади.
Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси тегишли моддасига биноан вилоят прокуратураси У.Турумовга нисбатан жиноий иш қўзғади. Тергов ишлари олиб  борилмоқда.
*** 
Сотувчи хатосини тушунди
Пайариқ тумани Оққўрғон қишлоғида яшовчи Музаффар Мамасолиев Самарқанд шаҳридаги Мирзо Улуғбек кўчасида жойлашган "Samsung mobile" савдо маркази фаолиятидан норози бўлиб, вилоят истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бирлашмасига шикоят қилди. 
Гап шундаки, истеъмолчи савдо марказидаги дўкондан "Samsung S-5" мобил телефонини бир ҳафталик кафолат билан сотиб олган. Телефонни беш кун ишлатгач, сифат даражасида эмаслигини билиб, сотувчига қайтармоқчи бўлган. Сотувчи эса истеъмолчининг қонуний талабини рад этган. 
Мурожаат бирлашма ходимлари томонидан ўрганилиб, сотувчига истеъмолчи ҳуқуқлари тушунтирилди ва носоз телефон янгисига алмаштириб берилди.
Шаҳноза ПАРМАНОВА.