Охирги янгиликлар

Суд-ҳуқуқ тизимидаги ўзгаришлар инсон манфаатларига хизмат қилади Сиёсат

Президентимиз томонидан 2016 йил 21 октябрда қабул қилинган "Суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ҳамда 2017 йил 21 февралдаги "Ўзбекистон Республикаси суд тизими тузилмасини тубдан такомиллаштириш ва фаолияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармонларнинг туб моҳияти суд ҳокимияти мустақиллигини янада мустаҳкамлаш, профессионал судьялар корпусини шакллантириш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларининг ишончли ҳимоясини ҳамда ягона суд амалиётини таъминлаш, одил судловга эришиш даражасини, уни амалга ошириш сифатини яхшилаш, судлар ихтисослашувини кенгайтириш, моддий-техника базаси ва моддий таъминот соҳасида мустақил бўлиш каби долзарб масалалар ечимига қаратилгани билан алоҳида аҳамиятлидир.
Мазкур фармонларга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг тўққизинчи ялпи мажлисида "Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартишлар ва қўшимча киритиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини маъқулладилар.
Ушбу Қонунга кўра, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 80, 81, 83, 93, 107, 110, 112-моддаларига тегишли ўзгартишлар ва қўшимча киритилди. Ушбу тузатишларга мувофиқ, Олий хўжалик суди ва Олий суд фуқаролик, жиноий, маъмурий ва иқтисодий суд иши юритуви соҳасидаги суд ҳокимиятининг ягона олий органига – Ўзбекистон Республикаси Олий судига бирлаштирилди. 
Шунингдек, иқтисодий ва маъмурий судлар тузилмоқда. Суд-ҳуқуқ тизимида янги институт – Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши жорий этилди. 

Судьялар олий кенгаши тузилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 111-моддаси янги таҳрирда баён қилиниб, Судьялар олий кенгашининг конституциявий мақоми аниқ, яъни "судьялар ҳамжамиятининг органи", деб мустаҳкамлаб қўйилган. Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 80-моддасининг 4-банди янги таҳрирда баён қилиниб, кенгаш раиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдимига биноан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати томонидан тайинланиши, Судьялар олий кенгаши аъзолари қонунга мувофиқ давлат раҳбари томонидан тасдиқланиши белгиланди.

Судьялар олий кенгашига кенг ваколатлар берилиб, Конституциянинг 93-моддаси биринчи қисми 14-бандининг янги таҳририга мувофиқ, Президент Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши тақдимномасига биноан вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари раислари ва раис ўринбосарларини, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди раисини лавозимга тайинлайди ҳамда лавозимидан озод қилади.
Айни пайтда кенгаш Ўзбекистон Республикаси Президенти билан келишган ҳолда ҳарбий судлар, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари судьяларини, туманлараро, туман, шаҳар судлари раисларини ҳамда судьяларини мустақил равишда лавозимга тайинлайди ҳамда лавозимидан озод қилади. 

"Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши тўғрисида"ги Қонун судьялар олий кенгашининг тузилиши юқори малакали суд корпусини шакллантиришга, фуқаролар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларининг ишончли ҳимоя қилинишини таъминлашга қаратилган. Қонун Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашининг асосий вазифалари ва ваколатларини, ҳуқуқлари ҳамда мажбуриятларини, уни шакллантириш ва фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилаб беради.
Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши тузилиши муносабати билан "Судлар тўғрисида"ги Қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Ушбу ўзгартиш ва қўшимчаларга мувофиқ кенгаш зиммасига судлар фаолиятини ташкилий жиҳатдан таъминлаш функциялари юклатилди. Шундай тартиб белгиландики, унга кўра, судья Судьялар олий кенгашининг хулосасисиз жавобгарликка тортилиши, қамоққа олиниши мумкин эмас. 
М.ТОЖИБОЕВ,
фуқаролик ишлари бўйича вилоят суди раиси. 


Reklama huquqi asosida