Охирги янгиликлар

Масъулият ва жавобгарлик асосий мезон Сиёсат

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 10 апрелдаги "Ички ишлар органларининг фаолияти самарадорлигини тубдан ошириш, жамоат тартибини, фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишни таъминлашда уларнинг масъулиятини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармони зиммамизда қанчалик шарафли ва масъулиятли вазифалар юклатилганлиги ва бугун ўз фаолиятимизни янгича асосда ташкил этишни тақозо қилишини яна бир бор тасдиқлади.
Вилоят ички ишлар идораларининг барча бўғинларида бугун фаолият ана шу талаблар асосида ташкил этилмоқда. Аввало, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан пайшанба куни "Профилактика куни" деб номланиб, жойларда давлат ва жамоат ташкилотлари масъул ходимлари билан биргаликда учрашувлар, давра суҳбатлари ўтказилмоқда, ҳудуддаги вазият, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликлар ҳолати ҳақида маълумот бериляпти. Хонадонларга кириш асносида аҳолининг ҳушёрлигини ошириш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш юзасидан профилактика ишлари амалга оширилмоқда.

Шунингдек, фармон ижросини таъминлаш мақсадида Самарқанд давлат университетида профилактика инспекторларининг ўқуви ташкил этилди. Ички ишлар вазирлиги академияси профессор-ўқитувчилари ва вилоят ИИБ раҳбарлари инспекторлар фаолиятидаги зарур жиҳатлар ҳақида машғулотлар олиб бормоқда. 
Ҳафтада, ҳар уч кунда ўтказиладиган тезкор йиғилишларда ҳам ходимлар масъулиятини ошириш, зиммасига юклатилган вазифаларни бекаму кўст адо этиши зарурлигига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Негаки, бизнинг фаолиятимиз доимо халқнинг назарида, назоратида. Одамлар ҳар бир ишимизга баҳо беради. Бу эса ички ишлар органлари ходимларидан жуда катта фидойилик, халқпарварлик ва одилликни талаб этади.
Амалга оширилаётган бу каби чора-тадбирлар натижасида жорий йилнинг биринчи чорагида аёллар, вояга етмаганлар томонидан содир этилган жиноятлар ўтган йилнинг шу даврига нисбатан камайди. Ўғирлик, фирибгарлик, уй-жой ва транспорт билан боғлиқ жиноятлар содир этилиши ҳам қисқарган.

Шунингдек, юзага келган жиноятларни тезда фош этишга ҳам эришилмоқда. Мисол учун, Оқдарё тумани Бошдархон маҳалласида яшовчи Г.Бобоёрова (исм-фамилиялар ўзгартирилган) фуқаро С.Донабоевдан унинг қизини Сиёб тиббиёт коллежига ўқишга киритиш учун 500 доллар олганлиги аниқланди. 
Паст Дарғом туманида яшовчи И.Файзуллаев ва И.Раҳимова ўзаро жиноий тил бириктириб, фуқаролар – Н.Ҳотамова ҳамда О.Муродовадан уларнинг қизларини Паст Дарғом тиббиёт коллежига ўқишга киритишни ваъда қилиб, ҳар биридан 500 доллардан пул олган. Пахтачилик Г.Ажабов, Самарқанд шаҳрида яшовчи А.Сайдуллаев ва Н.Бекниёзовлар ҳам шу каби фирибгарликни содир этганлиги аниқланиб, уларнинг жиноий ҳаракатларига чек қўйилди. 

9 май куни Самарқанд шаҳрида ўтказилган "Тун" тадбири давомида вояга етмаган А.Каримов қаровсиз қолдирилган енгил машинанинг ойнасини очиб, салон ичидаги пулни олиб қочиб кетаётганда ушланди. 
Ҳушёрлик, огоҳликка даъват ишимиз мезонидир. Раҳбарият ходимларнинг ишга муносабатини ўрганиб, мониторинг қилаяпти. Вазифасига совуққон, лоқайд ва тизимга мослаша олмайдиган ходимларга жавоб берилаяпти. Бу ички ишлар органлари фаолияти самарадорлигини ва ходимларнинг ўз хизмат мажбуриятларини бажаришда масъулиятини янада оширади.
Азиз АТАМУРОДОВ,
вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғининг ўринбосари,
Баҳодир ИБРАГИМОВ, 
вилоят ИИБ тергов бошқармаси катта терговчиси.


Исм:*
E-Mail:
Изох:
Кодни киритинг: *
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив