Охирги янгиликлар

Фуқаролар ҳуқуқи ишончли ҳимоя қилинади Сиёсат

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 21 октябрдаги "Суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш  кафолатларини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармонида суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш,  одил судловга эришиш даражасини ошириш юзасидан вазифалар белгиланди.
Ушбу мақсадларни амалга ошириш учун суд, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органларининг зиммасига қатор вазифалар юкланган. 
Жумладан, суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш, судьялар касбий нуфузини ошириш, юқори малакали ва самарали фаолият юритувчи суд корпусини шакллантириш мақсадида судьялик лавозимига биринчи маротаба беш йил муддатга ва кейин ўн йил муддатга, шундан сўнг муддатсиз тайинлаш (сайлаш)ни назарда тутувчи тартиб жорий этилиши кўзда тутилган. 
Фармон "Хабеас корпус" институтини янада кенгайтириш ва ривожлантиришга қаратилган тадбирларни мантиқий кетма-кетликда давом эттиради. Почта ва телеграф жўнатмаларини хатлаб қўйиш ва мурдани эксгумация қилиш каби дастлабки тергов ҳаракатларини ўтказишга санкция бериш ваколати прокурорлардан судлар ваколатига ўтказилди.

Суд назорати эса судга қадар босқичларда тортишув принципининг реал таъминланишига, процесс иштирокчиларининг ҳуқуқ ва манфаатларининг ишончли ҳимоя қилинишига ҳамда тергов хатоларини ўз вақтида аниқлаб, бартараф этилишига хизмат қилади. Энг муҳими, мазкур институтнинг татбиқ этилиши шахс эркинлигини ҳимоя қилиш борасида умумэътироф этилган принциплар ва халқаро ҳуқуқ нормаларининг амалда таъминланишини кафолатлайди.

Фармонда электрон тартибда суд ва ижро иши юритишнинг замонавий шакл ва усулларини, одил судловга эришишнинг илғор механизмларини жорий этиш орқали одил судлов сифатини ошириш масаласи белгиланган. Ташаббуснинг амалга оширилиши суд фаолиятининг самарадорлигига, шунингдек, "Электрон ҳукумат тўғрисида"ги Қонунни амалга ошириш доирасида мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг замонавий босқичи талабларига тўлиқ асосланган одил судловнинг жамоатчилик учун очиқлиги, шаффофлиги ва эркинлиги принципларини ҳаётга изчил татбиқ этишга хизмат қилади.

Фармоннинг яна бир аҳамиятли жиҳати шуки, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш тизимини изчил такомиллаштириш ва мустаҳкамлаш мақсадида умумэътироф этилган халқаро стандартлар асосида бир қатор алоҳида қонунлар, шу жумладан, "Жабрланувчилар, гувоҳлар ва жиноят процессининг бошқа иштирокчиларини ҳимоя қилиш тўғрисида"ги, "Медиация тўғрисида"ги, "Маъмурий судлов ишларини юритиш тўғрисида"ги Қонунларни қабул қилиш режалаштирилмоқда.
Ботир ЭШОНҚУЛОВ,
вилоят хўжалик суди судьяси.




Исм:*
E-Mail:
Изох:
Кодни киритинг: *
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив