Охирги янгиликлар

Мулоқотларда аниқланган муаммолар сессияда кўриб чиқилди Сиёсат

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари томонидан Каттақўрғон туманида ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли турмуш даражасини янада яхшилаш, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш борасида олиб борилаётган ишлар ҳолати ўрганилди.
Ўрганиш якунлари туман Кенгаши сессиясида муҳокама қилинди. Маълум бўлишича, тумандаги ижроия ҳокимияти, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва бошқа мутасадди идоралар томонидан қатор ташкилий ва амалий ишлар бажарилган. Шунга қарамасдан ҳудудда ўз ечимини кутаётган масалалар, фойдаланилмаган имкониятлар кўп.
Депутатлар ва сенаторлар ўн кун мобайнида тумандаги барча маҳалла фуқаролар йиғинларида ёшлар, тадбиркорлар, фермерлар билан мулоқот олиб бориб, уларни қизиқтираётган масалалар, эҳтиёжлари, таклиф-мулоҳазалари билан танишди. Учрашув ва мулоқотларда 3050 нафарга яқин фуқаро, 200 га яқин тадбиркорлик субъектлари қамраб олиниб, уларнинг муаммо ва камчиликлари юзасидан фикрлари эшитилди. Улар томонидан 428 та масала кўтарилган бўлса, 19 тасига жойида ечим топилди, қолганларини ҳал қилиш бўйича тегишли ташкилотларга тавсия ва кўрсатмалар берилди. Фуқароларни ташвишга солаётган муаммоларнинг ечими ёхуд уларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклашга, туман иқтисодий ва ижтимоий инфратузилмаси объектларининг нормал фаолиятини ташкил этишни таъминлашга оид туман ва вилоят ташкилотлари раҳбарлари номига ўндан ортиқ депутатлик сўровлари юборилди. Бундан ташқари, ҳудудларда аҳолини ўйлантираётган 20 дан ортиқ республика даражасида ҳал қилиниши талаб этиладиган масалаларни ечиш йўллари депутатлар ва сенаторлар томонидан таҳлил қилинди.
Сессия якунида мавжуд камчиликларни бартараф этиш юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.