Охирги янгиликлар

Суд-ҳуқуқ соҳасидаги конституциявий ислоҳотларнинг янги босқичи Сиёсат

Ўзбекистонда амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг асосий мақсади мустақил, кучли суд ҳокимиятини вужудга келтиришдир. Суд ҳокимияти нафақат уч ҳокимиятнинг бири, балки унинг юксак нуфузли ҳуқуқий ҳолати, жамият ва давлат ҳаётида инсон ҳуқуқлари, демократия ва қонунийлик барқарор бўлишининг асосий шартидир. Зеро, суд ҳокимиятининг вазифаси – фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини, унинг қонуний манфаатларини ҳамда мамлакат конституциявий тузумини ҳимоя қилиш, қонун чиқарувчи ва ижроия ҳокимияти ҳужжатларининг Конституцияга мувофиқлигини таъминлаш, қонунларни ва бошқа норматив ҳужжатларни ижро қилиш ва қўллашда қонунийлик ҳамда адолатни таъминлашдан иборатдир.

Шу билан бирга, суд органлари фаолиятининг ҳуқуқий асосини муттасил такомиллаштириб бориш зарур. Бунда суд ва судьяларнинг ҳокимиятни бошқа барча тармоқларидан ҳақиқий мустақиллигини, суд қарорларини қабул қилишда фақат қонунга бўйсунишини таъминлаш лозим. Ушбу ҳуқуқий асос, ўз навбатида, демократизмни, холисликни, суднинг ҳаммабоп бўлишини, суднинг ҳимоя доираси кенгайишини таъминлаши зарур. Ва ниҳоят, бу ҳуқуқий асос суд тизимига нопок, порахўр ва тасодифий кимсалар кириб қолишига йўл қўймаслиги лозим. 

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ишлаб чиқилган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилишга қаратилган иккинчи йўналишида ҳам суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини мустаҳкамлаш, маъмурий, жиноий, фуқаролик ва хўжалик қонунчилигини, жиноятчиликка қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш тизими самарасини ошириш, суд жараёнида тортишув тамойилини тўлақонли жорий этиш, юридик ёрдам ва ҳуқуқий хизматлар сифатини тубдан яхшилаш вазифалари белгиланди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан жорий йил 6 апрелда имзоланган "Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартишлар ва қўшимча киритиш тўғрисида"ги Қонунга биноан Ўзбекистон Республикасида суд тизимини такомиллаштириш ва унинг фаолияти самарадорлигини ошириш, судьялар корпусини янада мустаҳкамлаш ва суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 80, 81, 83, 93, 107, 110, 111-моддаларига тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

Давлатимиз раҳбарининг 2016 йил 21 октябрдаги "Суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ҳамда 2017 йил 21 февралдаги "Ўзбекистон Республикаси суд тизими тузилмасини тубдан такомиллаштириш ва фаолияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармонларига мувофиқ Конституцияга киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар инсоннинг шаъни, қадр-қиммати, фаровонлигига хизмат қилиши билан бир қаторда, тизимда мавжуд камчилик ва бўшлиқни бартараф этишга қаратилганлиги билан муҳим аҳамият касб этади.

Мазкур конституциявий ўзгартишлар мамлакатимизда суд тизимини янада чуқур ислоҳ қилиш, демократлаштириш, одил судловнинг самарадорлигини ошириш учун асос яратди. Унга кўра Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Олий хўжалик судлари фуқаролик, жиноий, маъмурий ва иқтисодий суд иши юритуви соҳасидаги суд ҳокимиятининг ягона олий органи – Ўзбекистон Республикаси Олий судига бирлаштирилди.
Яна бир янгилик, суд тизимида иқтисодий ва маъмурий судлар тузилмоқда. Қорақалпоғистон Республикасининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳрининг иқтисодий, маъмурий судларини, шунингдек, туманлараро, туман, шаҳар иқтисодий судларини ҳамда туман, шаҳар маъмурий судларини ташкил этишни назарда тутувчи ушбу конституциявий ўзгаришлар мамлакатимизда олиб борилаётган маъмурий, иқтисодий ва бозор ислоҳотларини суд-ҳуқуқий жиҳатдан таъминлаш самарадорлигини ошириб, хусусий мулк ҳуқуқини, тадбиркорлик фаолиятини судда ишончли ҳимоя қилишнинг муҳим омилига айланади. Жумладан, оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган маъмурий низоларни, давлат органларининг ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлигига, қарорлари устидан фуқаролар, тадбиркорлик субъектларининг берган мурожаатларини кўриб чиқишга ваколатли бўлган турли даражадаги маъмурий судларнинг тузилиши жисмоний ва юридик шахсларнинг қонуний ҳуқуқ ва эркинликларини, манфаатларини судда ҳимоя қилиш самарадорлигини ҳамда сифатини жиддий оширади.

Конституциямизга киритилган ўзгартиришлар ва қўшимча бевосита суд мустақиллигини таъминлаш, улар фаолиятини янада такомиллаштириш, унинг нуфузини оширишга қаратилган. Жумладан, Конституциянинг 111-моддасига асосан суд-ҳуқуқ тизимида янги институт – Ўзбекистон Республикаси судьялар олий Кенгаши жорий этилиб, унга Конституциявий институт мақоми берилди. Келгусида Ўзбекистон Республикаси судьялар олий Кенгаши судьялар ҳамжамиятининг органи бўлиб, у Ўзбекистон Республикаси суд ҳокимиятининг мустақиллиги конституциявий принципига риоя этилишини таъминлашга кўмаклашади. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси судьялар олий Кенгаши Ўзбекистон Республикаси Президенти билан келишилган ҳолда ҳарбий судларнинг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судларининг судьяларини, туманлараро, туман, шаҳар судларининг раислари ва судьяларини тайинлайди ҳамда лавозимидан озод этади.

Бу ўзгаришларнинг яна бир эътиборли жиҳати, Ўзбекистон Республикаси судьялар олий Кенгашининг раиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдимига биноан Олий Мажлис Сенати томонидан тайинланади, Кенгаш аъзолари эса қонунга мувофиқ давлат раҳбари томонидан тасдиқланади. 
Мазкур институтга конституциявий мақом берилиб, унинг нуфузи оширилишидан мақсад, келгусида мазкур тузилма инсон тақдири билан боғлиқ ўта масъулиятли вазифаларга номзодларни танлаш ва уларни судьялик лавозимига тайинлаш тизимини тубдан такомиллаштириш, судьяларнинг ушбу жараёндаги иштирокини кенгайтириш ҳамда юқори малакали судьялар корпусини шакллантиришдек ўта муҳим вазифаларни бажаради. Зеро, суд ўз қарори билан кўплаб инсонлар ҳаётини ҳал қилади, тақдирига таъсир кўрсатади. Шунинг учун ҳам бу масалага ҳар томонлама масъулият билан ёндашиш Кенгаш олдидаги асосий вазифа бўлиб ҳисобланади.

Бундан ташқари, судьялик лавозимига биринчи маротаба беш йил муддатга ва кейин ўн йил муддатга, шундан сўнг муддатсиз тайинлаш (сайлаш)ни назарда тутувчи тартиб жорий этилмоқда. Бу ўзгартишлар мамлакатда адолатли, демократик суд тизимини жорий этишга оид халқаро стандартлар ва ривожланган демократик давлатларнинг илғор тажрибасига тўла мос келади.
Хулоса ўрнида айтиш жоизки, суд инсоният бутун цивилизация даврида кашф этган низоларни ҳал этишнинг, мутаносиб жазо тайинлашнинг самарали воситаси, энг ноёб ижтимоий ҳодиса ва маънавиятимизнинг ютуғидир. Қиёсий таъбир жоиз бўлса, шифокор инсон вужудидаги касалликни даволаса, суд жамият вужудидаги қусур-касалликларни даволайди. Беморга ширин сўз даво бўлса, жабрланувчи ва судланувчига адолатли сўз даркор. Суднинг етуклиги ва маҳорати эса қонун асосида ана шу адолатли сўзни айтишда намоён бўлади.
Худоёр МАМАТОВ,
вилоят адлия бошқармаси бошлиғи.



Reklama huquqi asosida