Охирги янгиликлар

ВИЛОЯТ КЕНГАШИНИНГ СЕССИЯСИ Сиёсат

13 июнь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Арипов иштирок этди ва нутқ сўзлади.
Бош вазир 12 июнь куни Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган жорий йилнинг биринчи ярим йиллиги бўйича кутилаётган натижаларни олдиндан таҳлил қилиш, мавжуд камчиликларни бартараф этишга бағишланган видеоселектор йиғилишида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев томонидан билдирилган фикрларга қисқача тўхталди. 
Таъкидландики, бугунги кунда ҳудудларни ривожлантириш борасида давлат органларининг ўрни ва масъулияти ниҳоятда катта. Бироқ Самарқанд вилоятида ҳоким ҳамда унинг ўринбосарлари, шаҳар ва туманлар ҳокимлари, вилоятдаги бошқарув органлари раҳбарлари ўртасида соғлом муносабат мавжуд эмас. Бу ҳолат эса вилоятнинг бугунги тараққиётига салбий таъсир кўрсатмоқда.
Вилоят ҳокими фаолияти давомида жамоатчилик фикрига таянмай иш тутган, халқ билан мулоқот ўрнатмаган, аҳоли вакиллари иштирокида учрашувлар ташкил этмаган. Вилоятнинг биринчи раҳбари сифатида даврнинг долзарб вазифаларини ҳис қилмаган, берилган топшириқлар юзасидан тизимли назорат ўрнатмаган. 
Давлат маблағлари ҳисобидан бунёд этилаётган объектлар қурилиши, инвестиция маблағларини ўзлаштириш, экспорт прогноз кўрсаткичларининг бажарилмаслиги ва бошқа муаммолар юзага келган. 
Сессияда ташкилий масала кўрилди. Ҳиммат Оқбўтаев Самарқанд вилояти ҳокими вазифасидан озод этилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг тавсиясига кўра, шу вақтгача Тошкент вилояти Бекобод тумани ҳокими сифатида ишлаб келган Туробжон Жўраев Самарқанд вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тасдиқланди.
Сессияда вилоят Кенгаши депутатлари – "Зарафшон" ва "Самаркандский вестник" газеталари бирлашган таҳририяти бош муҳаррири Ф.Тошев, "Нуроний" жамғармаси вилоят бўлими раҳбари Ҳ.Нормуродов, Самарқанд шаҳридаги 21-умумтаълим мактаби директори С.Меликова сўзга чиқдилар.