Охирги янгиликлар

Танқидий таҳлил, амалий таклифлар Сиёсат

16 июнь куни Самарқанд туман Кенгашининг сессияси бўлиб ўтди. 
Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси аъзолари Сенати, вилоят, туман Кенгашлари депутатлари, прокуратура, ички ишлар органлари, таълим, тиббиёт муассасалари раҳбарлари, маҳалла раислари, туман фаоллари иштирок этди. 
Сессияда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Т.Мадумаров сўзга чиқиб, Президентимиз томонидан Олий Мажлис Сенатига ички ишлар органларининг жиноятчиликка қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси борасидаги фаолияти устидан парламент ва жамоатчилик назоратини олиб бориш вазифаси юклатилганини таъкидлади. Мазкур вазифа ижроси юзасидан вилоят ҳудудий комиссияси тузилган. Ушбу комиссия икки ҳафта давомида туман ички ишлар бўлимининг жиноятчиликка қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўйича фаолиятини ўрганиб чиқди. 

Ўрганиш натижаси бўйича ички ишлар органларининг жиноятчиликка қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси борасидаги фаолияти устидан парламент ва жамоатчилик назоратини амалга ошириш бўйича вилоят комиссияси раиси О.Аҳтамов ҳисобот берди. 
Қайд этилишича, ахлоқ-одоб доирасидаги ҳуқуқбузарликлар содир қилганлик учун вилоят бўйича ҳисобга олинган шахсларнинг 5,3 фоизи, ой давомида қайд этилган ҳуқуқбузарликларнинг 5,4 фоизи ва ҳуқуқбузарликлар содир этилиши мумкин бўлган объектларнинг 8,4 фоизи туман ҳудудига тўғри келади. Шундай бўлса-да, туман ички ишлар органлари томонидан ушбу масалалар маҳаллаларда бирор марта муҳокама қилинмаган, қонунбузилиш ҳолатларининг олдини олиш ва бартараф этиш юзасидан тақдимномалар киритилмаган. Жорий йилнинг ўтган 5 ойи давомида тумандаги 77 та маҳалланинг 60 тасида турли даражадаги 144 та жиноят содир этилган. Жиноятчиликнинг фирибгарлик, ўзлаштириш, порахўрлик, ўт қўйиш, ўғирлик, қотиллик, ноқонуний ов қуролларидан фойдаланиш билан боғлиқ турлари ортган. Ўтган вақт давомида содир этилган жиноятларнинг 10 таси ҳанузгача фош этилмаган. 

Тумандаги 42 320 нафар фуқаро доимий яшаш манзилларидан узоқ муддатга чиқиб кетган бўлиб, уларнинг 32,6 фоизини аёллар ташкил этади. Хорижга чиқиб кетганларнинг 27,5 фоизи доимий яшаш жойига қайтмаган бўлса, уларнинг 0,5 фоизи вояга етмаганлар ҳиссасига тўғри келмоқда. Ўрганишлар натижасида тумандаги ташкилотлар ўртасида ҳамкорликнинг тўғри йўлга қўйилмаганлиги ҳам аён бўлди. Масалан, тумандаги маҳаллаларнинг маълумотига кўра, чет элга чиқиб кетганлар сони 5000 нафар дея қайд этилган, тиббиёт бирлашмасининг маълумотида бу кўрсаткич 1530 нафарни ташкил этади. Туман ИИБ маълумотларида эса 9884 нафар фуқаро хорижга чиқиб, доимий яшаш жойига қайтмагани акс эттирилган. Хорижда узоқ муддат бўлганларнинг атиги 15,4 фоизи тиббиёт бирлашмаси томонидан тиббий кўрикдан ўтказилган, холос. 
Сессияда ички ишлар идоралари, маҳалла, таълим, тиббиёт муассасаларининг ҳамкорлиги қониқарли эмаслиги туфайли жойларда жиноятчилик ва турли ҳуқуқбузарликлар учраётгани танқид қилинди. 
Қайд этилган камчиликлар юзасидан мутасаддиларнинг ахборотлари тингланди.