Охирги янгиликлар

Посбонлар фаолияти ўрганилди Сиёсат

Самарқанд шаҳар Кимёгарлар қўрғонидаги маҳаллаларда "Маҳалла" хайрия жамоат фонди вилоят бўлими томонидан "Маҳалла посбони" жамоат тузилмаси фаолиятини янада такомиллаштиришга бағишланган семинар-йиғилиш бўлиб ўтди.
Ҳуқуқ тартибот органлари ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорликда ўтказилган тадбирда Кимёгарлар қўрғонидаги 6 та маҳалла аҳолисининг яшаш тарзи, ижарада яшовчи фуқаролар, паспорт тизими ва мавжуд муаммолар ўрганилди.
– "Маҳалла посбони" жамоат тузилмаси раҳбари ўзига бириктирилган ҳудудда хавфсизлик ва жамоат тартибини сақлаш, фуқаролар огоҳлигини ошириш, тинчлик ва барқарорликни таъминлашда давлат органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотларининг қуйи тизимлари билан ҳамкорликда иш олиб бориши лозим, – дейди "Маҳалла" хайрия жамоат фонди вилоят бўлими масъул котиби Абдусами Қўзибоев. – Амалий тарзда ўтаётган бугунги семинарда аҳолининг муаммоларини ҳал этиш, оилавий можаролар, ажримлар, вояга етмаганлар ўртасидаги ҳуқуқбузарлик ва хотин-қизлар ўртасидаги ўз жонига қасд қилиш ҳолатларининг олдини олиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Семинар-йиғилиш давомида фахрийлар, уюшмаган ёшлар билан ишлаш, бадиий ҳаваскорлик ва бошқа тўгараклар, спорт мусобақалари ташкил этиш учун яратилган шароитлар билан ҳам атрофлича танишилди.
Тадбир давомида «Нурли келажак» маҳалла фуқаролар йиғинида жиноят ишлар бўйича Самарқанд шаҳар суди томонидан сайёр суд ташкил этилди. Унда маҳаллада истиқомат қилувчи фуқаро томонидан содир этилган жиноят иши кўриб чиқилди.
Ғолиб АБДУСАЛОМОВ.