Охирги янгиликлар

Халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг ҚАРОРИ Сиёсат

Фуқаролик ишлари бўйича вилоят суди раиси М.Тажибаевнинг, Жиноят ишлари бўйича вилоят суди раиси вазифасини бажарувчи А.Турабовнинг, маъмурий ишлар бўйича вилоят суди раиси вазифасини бажарувчи Р.Очиловнинг, вилоят иқтисодий суди раиси М.Бозоровнинг халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгаши сессиясидаги ахбороти тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев раислигида 2017 йил 13 июнь куни суд органлари тизимида одил судловни таъминлаш борасидаги ишларнинг аҳволи, муаммолар ва истиқболдаги вазифаларга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.
Ўшбу йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев "Қонун ва адолат устуворлигини таъминлаш – барча эзгу мақсадларимизга эришишнинг энг муҳим шарти" мавзусида маъруза қилди. 
Истиқлол йилларида мамлакатимизда суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлаш ва нуфузини ошириш, уни илгариги жазоловчи органдан инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қиладиган, жамиятдаги демократик ўзгаришларнинг муҳим воситаси бўлган институтга айлантиришга қаратилган кенг қамровли ишлар амалга оширилгани қайд этилди.
2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида фуқароларнинг одил судловга эришиш даражасини ошириш, суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларнинг устувор йўналишлари этиб белгиланган. 
Судьяликка номзодларни танлаш ва лавозимга тайинлаш тизимини тубдан такомиллаштириш, юқори малакали судьялар корпусини шакллантириш мақсадида судьялар ҳамжамиятининг янги органи – Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ташкил этилган.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди суд ҳокимиятининг фуқаролик, жиноий, маъмурий ва иқтисодий судлов соҳасида ягона олий органи сифатида давр талаби асосида янгидан шакллантирилган.
Суд органларининг жамоатчилик, хусусан, маҳалла, оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорликда ишлаш амалиёти жорий этилмоқда. 
Айни пайтда қўлга киритилган натижалар билан кифояланиб қолмасдан, соҳа ривожига танқидий ёндашиш, ҳаётнинг ўзи олдимизга қўяётган бир-биридан муҳим ва долзарб вазифаларни самарали ҳал қилиш йўллари ва механизмлари ҳақида билдирилган аниқ таклифлар, амалий ташаббуслар асосида суд идоралари, судьялар фаолиятини бутунлай янгича асосда, самарали ташкил этиш лозимлигига алоҳида эътибор қаратилди. 
Кейинги вақтда мамлакатимиз фуқаролари томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари ва Виртуал қабулхонасига бўлаётган мурожаатларнинг катта қисми айнан суд идоралари ва судьялар фаолияти билан боғлиқ экани бу йўналишда кўплаб муаммолар мавжудлигидан далолат беради.
Фуқаролик, жиноят, маъмурий ишлари бўйича ҳамда иқтисодий суд раисларининг ҳисоботини эшитиб, халқ депутатлари вилоят Кенгаши ҚАРОР ҚИЛАДИ:

1.Фуқаролик ишлари бўйича вилоят суди раиси М.Тажибаевнинг, жиноят ишлари бўйича вилоят суди раиси вазифасини бажарувчи А.Турабовнинг, маъмурий ишлар бўйича вилоят суди раиси вазифасини бажарувчи Р.Очиловнинг, вилоят иқтисодий суди раиси М.Бозоровнинг суд органлари тизимида одил судловни таъминлаш борасидаги ишларнинг аҳволи, муаммолар ва истиқболдаги вазифалар юзасидан берган ахбороти маълумот учун қабул қилинсин.
2.Фуқаролик (М.Тажибаев), жиноят (А.Турабов), маъмурий (Р.Очилов) ишлар бўйича вилоят судлари ҳамда вилоят иқтисодий суди (М.Бозоров)га:
тизимда фаолият кўрсатаётган судьяларнинг аҳоли билан жойларда бир ойда камида бир марта очиқ мулоқот ўтказиш жадвалини белгилаб чиқиш;
аҳоли билан мулоқотларда суд ходимлари ўз фаолияти юзасидан ахборот бериб боришини ташкил этиш;
сайёр суд жараёнларини ўтказишга жиддий эътибор қаратиш;
фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш орқали халқимизнинг суд тизимига бўлган ишончини қатъий мустаҳкамлаш, судни том маънода "Адолат қўрғони"га айлантиришга эришиш;
судлар томонидан кўриладиган ишларни кўриб чиқишда замонавий ахборот-коммуникация технологияларини, жумладан, электрон суд стенографиси, видеоконференцалоқани кенг жорий этишга эришиш тавсия этилсин.
3.Халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгашларига жойларда суд органлари томонидан суд тизимида одил судловни таъминлаш борасидаги ишларнинг аҳволи, муаммолар ва истиқболдаги вазифалар юзасидан ахборотларини эшитиб бориш тизимини жорий этиш тавсия этилсин.
4.Вилоят телерадиокомпанияси (Ф.Тўраев), СТВ телевидениеси (С.Ражабов), "Зарафшон" ва "Самаркандский вестник" газеталари бирлашган таҳририяти (Ф.Тошев), "Овози Самарқанд" (Б.Жумаев) газеталарига суд органлари томонидан одил судловни амалга ошириш борасида бажарилаётган ишларни ёритиб бориш тавсия этилсин.
5.Мазкур қарор бажарилишини назорат қилиш халқ депутатлари вилоят Кенгашининг Қонунийлик, ҳуқуқ-тартибот ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш масалалари бўйича доимий комиссияси (О.Ахтамов)га юклатилсин.


Вилоят Кенгаши сессияси
раиси  Ф.Тошев
2017 йил 30 июнь