Охирги янгиликлар

Одиллик – асосий мезон Сиёсат

Яқинда оммавий ахборот воситаларида Ўзбекистон Республикаси судьяларининг Ўзбекистон халқига мурожаати эълон қилинди. Мурожаат адолат мезонига тўлиқ амал қилишга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир.
Бу мамлакатимизда ўтган давр мобайнида суд ҳокимияти нуфузини ошириш, уни ўтмишдаги жазоловчи органдан инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилувчи мустақил институтга айлантириш борасида кенг қамровли ишларнинг натижасидир.  
Мурожаатда  кундалик фаолиятимизда халқ билан бевосита юзма-юз, очиқ мулоқот шаклларини кенгайтириш, фуқароларнинг муаммоларини ҳал этишда яқиндан ёрдам бериш орқали уларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш ва ҳақиқатни қарор топтириш қатъий белгиланди. 
Шунингдек, судьялар касбий тайёргарлигини ошириш, судлар фаолиятига ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш орқали иш юритиш тартибини соддалаштириш ва фуқаролар оворагарчилигининг олдини олиш борасида кечиктириб бўлмайдиган чораларни амалга ошириш каби вазифалар қайд этилди.

Албатта, бунинг учун танқидий таҳлил, қатъий тартиб-интизом ва шахсий жавобгарлик ҳар бир судьянинг кундалик қоидаси, фаолиятининг асосий мезонига айланиши лозим.
Айниқса, мурожаатдаги "судда ишларни судьялик бурчимиз ва виждонимиз буюрганидек беғараз, холис ва адолатли ҳолда кўрамиз, энг асосийси – қабул қилган ҳар бир қароримиз қонуний, асосли, одиллик ва инсонпарварлик тамойилларига таянган бўлиши учун барча масъулиятни ўз зиммамизга оламиз", деган сўзлар шу соҳа ходимларини жиддий мулоҳазага ундайди.
Эндиликда судларни том маънода "Адолат қўрғони"га айлантириш учун Ҳаракатлар стратегиясида назарда тутилган вазифаларни амалга оширишга масъулият ва ташаббускорлик билан ёндашиб, юртимиз тақдирига дахлдорлик ҳисси билан яшамоғимиз зарур.
Бахтиёр ФАРМОНОВ,
фуқаролик ишлари бўйича 
Жомбой туманлараро суди раиси.