Охирги янгиликлар

Суд адолат қўрғони бўлиши лозим Сиёсат

Нарпай туманида мамлакатимиз суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар, иқтисодий жиноятлар содир этилишининг олдини олишга қаратилган давра суҳбати ўтказилди.
Ўзбекистон "Адолат" социал-демократик партияси вилоят кенгаши ва тумандаги суд идоралари ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда халқ депутатлари вилоят ва туман Кенгашлари депутатлари, партия фаоллари, судьялар, жамоат ташкилотлари вакиллари иштирок этди.
Тадбирда мамлакатимиз суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлардан кўзда тутилган мақсад ва вазифалар, суд органларини чинакам адолат қўрғонига айлантириш борасидаги ишлар ҳақида сўз юритилди. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 13 июнь куни суд органлари тизимида одил судловни таъминлаш борасидаги ишларнинг аҳволи, муаммолар ва истиқболдаги вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилишидаги маърузасида белгилаб берилган вазифаларни амалга оширишда давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамкорлиги муҳим ўрин тутиши таъкидланди.

– 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида фуқароларнинг одил судловга эришиш даражасини ошириш, суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларнинг устувор йўналишларидан этиб белгиланган, – дейди жиноят ишлари бўйича Нарпай тумани суди раиси И.Қорабоев. – Шу асосда судьяликка номзодларни танлаш ва лавозимга тайинлаш тизимини тубдан такомиллаштириш, юқори малакали судьялар корпусини шакллантириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ташкил этилди. Президентимиз биз, судьялар, умуман суд идоралари олдида турган вазифаларни белгилаб берди.
Тадбирда аҳолининг ҳуқуқий маданиятини, бюджет ташкилотлари ва маҳалла фуқаролар йиғинлари ходимларининг иқтисодий билимини ошириш зарурати, иқтисодий жиноятларнинг келиб чиқиш сабаблари ва оқибатлари ҳақида тушунча берилди.
Ўз мухбиримиз.