Охирги янгиликлар

Танқиддан тўғри хулоса хато ва камчиликларни бартараф этади Сиёсат

Президентимиз Ш.Мирзиёевнинг мамлакатимиз парламенти, сиёсий партиялар ҳамда Ўзбекистон Экологик ҳаракати вакиллари билан учрашувидаги  маърузасида партиялар фаолиятидаги эътибор қаратилиши зарур бўлган устувор вазифалар белгилаб берилди. 
Маърузада сиёсий партиялар фаолиятининг бугунги ҳолатига берилган баҳо холис ва ҳаққоний бўлиб, барча партиядошларимиздан ўз ишимизга муносабатни қайта кўриб чиқишимиз зарурлигини кўрсатади. Партия электорати муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш борасидаги асосий вазифага масъулият сусайганлиги ҳам ўз фаолиятимизни қайта кўриб чиқишни талаб этади. 
Айни пайтда вилоятда 16 мингдан зиёд кичик бизнес субъекти мавжуд бўлиб, улардан 951 таси, 1470 дан кўпроқ оилавий корхоналардан 39 таси фаолиятини нима сабабдан тўхтатганлигига партия кенгашларимиз ва депутатлик гуруҳларимиз етарли эътибор қаратмаганлиги сайловолди дастуримиз ижросини таъминлашдаги жиддий камчиликлардан биридир.

2017 йилнинг 6 ойи давомида сессия ва доимий комиссияларга 2 тадан масалалар киритилиб, тегишли қарорлар қабул қилинганлиги ҳам депутатлик гуруҳлари фаолияти ҳақида билдирилган танқидий фикрлар асосли эканлигини, депутатлар ваколатларидан етарли фойдаланмаётганини кўрсатади. Фақат сўров ва эшитув билан депутатлик фаолиятини амалга ошириб бўлмайди.  
Учрашувдан кейинги ўтган қисқа вақт давомида тегишли чора-тадбирларни тезкорлик билан белгилаб олишимизда Олий Мажлис Сенати раиси Н.Йўлдошев раҳбарлигида вилоятимизда парламент палаталари вакиллари, халқ депутатлари вилоят кенгаши депутатлари томонидан кўрсатилган амалий ва услубий ёрдам муҳим аҳамият касб этди. Зарур чора-тадбирлар белгилаб олинди. 
Белгиланган вазифалар ижросини таъминлашда партиямиз кенгашлари ва депутатлик гуруҳларимиз фаоллиги ошади, уларнинг фаолияти замон талабларига мос равишда ташкил этилади.
Илҳом БОТИРОВ,
 ЎзЛиДеП вилоят кенгаши раисининг биринчи ўринбосари.
 
 Ваколат кенгайтирилса…
Президентимиз Ш.Мирзиёевнинг сиёсий партиялар ва парламент вакиллари билан бўлиб ўтган учрашувида партия ва депутатлар фаолиятига танқидий назар солинди. Давлатимиз раҳбарининг маърузасини тинглаб, ҳақиқатан ҳам фаолиятимизда эътибордан четда қолган устувор вазифалар талайгина эканлигини англаб етдик.  
Шу ўринда мавжуд камчиликларни бартараф этиш, сиёсий партиялар ва депутатлик гуруҳларининг ишини самарали ташкил этиш юзасидан таклифларим билан ўртоқлашишни жоиз деб билдим. 

Биринчидан, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлар депутатлари ўзи сайланган сайлов округида сайловчилар билан учрашувлар ўтказиш, уларни ўйлантираётган масалаларига ечим топиш учун ҳар ойда 2-3 кун (ишдан ажралган ҳолда) вақт ажратиши лозим.

Иккинчидан, бугунги кунда маҳаллий кенгашлардаги депутатлар ва депутатлик гуруҳлари томонидан жамоатчилик назорати тартибида партия лойиҳалари доирасида турли соҳалар фаолияти ўрганиб чиқилмоқда. Ушбу ўрганишлар натижаси эса фақатгина доимий комиссия ва сессиялар кун тартибида кўриб чиқилган ҳоллардагина қонуний кучга эга бўлади. Маълумотларни доимий комиссия ёки сессияларда муҳокама қилишдан ташқари, ўрганиш натижалари юзасидан тегишли ташкилотларга маҳаллий кенгаш депутатлари ва депутатлик гуруҳларига "тақдимномалар" киритиш ваколати берилса, ушбу тақдимномаларни кўриб чиқишда депутатларнинг ҳам иштироки таъминланиб, депутат ёки депутатлик гуруҳларига ҳисоботлар тақдим қилиш механизмини йўлга қўйиш лозим.
Бу жамиятда сиёсий партияларнинг ролини кучайтиришга хизмат қилади. 
Улуғбек ОБЛОҚУЛОВ, 
Ўзбекистон "Адолат" СДП вилоят кенгаши раиси ўринбосари.

Оила қўрғонига дарз етмади
"Миллий тикланиш" демократик партияси вилоят кенгаши девони ходимлари томонидан Каттақўрғон шаҳар "Чордара" маҳалласида партия аъзолари ва маҳалла фаоллари иштирокида амалий суҳбат ташкил этилди. 
Унда партия фаоллари Каттақўрғон шаҳридаги хонадонлардан бирида оилавий можаролари туфайли сайёр суд йиғилишига таклиф этилган оиланинг қайнота ва қайнонаси билан маҳалла аҳли иштирокида ўзаро суҳбатлашди. 
– Партиямиз дастурида оилавий низолар ва ажримларнинг олдини олиш, уларни судгача бўлган даврда ижобий ҳал этиш, оилаларни сақлаб қолиш ва мустаҳкамлаш асосий вазифа сифатида белгиланган, – дейди суҳбат чоғида партия вилоят кенгаши девони раҳбари О.Холиқулов. 
Шундан сўнг маҳалла фаоллари билан низонинг келиб чиқиш сабаблари муҳокама этилди. Ушбу оилани сақлаб қолиш учун зарур чоралар кўрилди.
Озода НОРИМОВА,
«Миллий тикланиш» демократик партияси вилоят кенгаши
бош мутахассиси.
 
Муаммолар ҳал этилмоқда

Давлатимиз раҳбари иштирокида бўлиб ўтган видеомулоқотда таъкидланган парламент ва сиёсий партиялар фаолиятидаги камчиликлар "Миллий тикланиш" демократик партияси вилоят кенгаши ва партия маҳаллий кенгашлари томонидан кенг муҳокама қилинди.
– Бугунги шиддаткор замон сиёсий партияларнинг вакиллари, депутат ва сенаторлардан амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг нафақат иштирокчиси, балки ташаббускори ва асосий ижрочиси бўлишни, бошқаларга намуна кўрсатишни талаб этмоқда, – дейди партия вилоят кенгаши раиси Баҳодир Шарофов. – Бугунги замон кечагисидан тубдан фарқ қилади. Ҳозир тинмасдан ишлаш, изланиш пайти. Халқимизнинг сиёсий-ҳуқуқий маданияти анча юксалган. Улар ўзи сайлаган депутат қандай амалий иш қилаётганини кузатиб, билиб турибди. Шунинг учун сайловчиларимиз, электоратимиз орасида юзимиз ёруғ бўлиши учун хотиржамлик кайфиятидан бутунлай воз кечишимиз керак.
Йиғилишда партия шаҳар ва туманлар кенгашлари раис ва етакчи мутахассислари фаолияти танқидий кўриб чиқилди ва уларга муддатли топшириқлар берилди. 

Fайрат САТТОРОВ.


Reklama huquqi asosida