Охирги янгиликлар

Халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг ҚАРОРИ Сиёсат

2017 йил биринчи ярим йиллигида иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастурининг ижроси ҳамда 2016/2017 йил касб-ҳунар коллежлари битирувчилари бандлигини таъминлаш юзасидан вилоят бандлик бош бошқармаси бошлиғи А.Усмановнинг ҳисоботи тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2016 йил 13 декабрдаги СҚ-124-III-сонли "2017 йилда аҳоли бандлигини таъминлаш дастури тўғрисида"ги қарори билан тасдиқланган дастурга мувофиқ вилоят бўйича 76,6 минг нафар фуқаронинг янгидан ташкил этиладиган иш ўринларида бандлиги таъминланиши белгиланган.
Январь-июнь ойларида барча манбалар ҳисобидан (дастур бўйича январь-июнь ойларида 32308 та) 33992 та иш ўринлари ташкил этилиб, дастур 105,2 фоизга бажарилган. 
Яратилган иш ўринларининг асосий қисми Самарқанд шаҳри (5238 та), Ургут (3031 та), Паст Дарғом (2761 та) Пайариқ (2480 та), Булунғур (2341 та), Каттақўрғон (2182 та), Тойлоқ (2139 та) туманлари ҳисобига тўғри келади.
Шу билан бирга, жойларда бандлик дастури ижросини таъминлашда ҳокимликлар ҳузуридаги ишчи комиссиялари томонидан тегишли чоралар кўрилмаганлиги сабабли дастурнинг айрим йўналишлари бажарилмаган.
Жумладан, қурилиш ва инфратузилма объектларини амалга ошириш йўналиши Иштихон туманида 83,0 фоизга бажарилмаганлиги натижасида вилоят бўйича дастурнинг мазкур параметри бажарилмади (99,3 фоиз). 
Худди шундай, фаолият кўрсатмаётган корхоналарни тиклаш йўналишида Пахтачи туманида 25,8 фоизга, Иштихон туманида 40,0 фоизга бажарилган.
Бундан ташқари, аҳолининг шахсий ёрдамчи ва деҳқон хўжалигидаги ўз-ўзини банд қилиш ва оилавий тадбиркорлик йўналиши Пахтачи туманида (64,7 фоизга) бажарилмаганлиги оқибатида 305 нафар фуқароларнинг бандлиги таъминланмаган. 
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 6 майдаги "Аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича олиб борилаётган ишлар натижадорлиги ва самарадорлигини оширишда маҳаллий ижро ҳокимияти ва иқтисодий комплекснинг ҳудудий органлари раҳбарларининг шахсий масъулиятини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-2960-сонли қарорига асосан 2017 йилнинг 1 июлидан бошлаб маҳаллий ижро ҳокимияти раҳбарлари ва иқтисодий комплекснинг ҳудудий органлари раҳбарларини аҳоли бандлигини ошириш учун ҳар чорак прогноз кўрсаткичлари бажарилишини таъминлаган тақдирда, лавозим маошларининг 15-20 фоизи миқдорида мукофотлаш, бажарилиши таъминланмаган тақдирда лавозим маошларининг 15-20 фоизи миқдорида жарима шаклида интизомий жазо чоралари қўлланиши белгиланганлиги раҳбарларнинг масъулиятини оширишга хизмат қилади. 
Мазкур қарорнинг 2-иловаси билан 2017 йилнинг III чорагида Самарқанд вилояти бўйича аҳоли бандлиги ўсишининг прогноз кўрсаткичлари 103,7 фоиз этиб белгиланган ёки чорак охирига пенсия фондига суғурта тўловлари тўлаётган тўловчилар сони 441,6 минг нафарга етказилиши белгилаб қўйилган. 
Шунингдек, вилоятда касб-ҳунар коллеж битирувчиларининг 2017 йил 28 июль ҳолатида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган college.mehnat.uz электрон дастури маълумотларига кўра, жами 53263 нафар битирувчилардан, электрон дастурга 52450 нафар битирувчиларнинг маълумотлари киритилган. 813 нафар битирувчининг маълумоти киритилмаган. 
Битирувчиларнинг бандлигини таъминлаш юзасидан Нарпай тумани Халқ банки бошқарувчиси, Халқ банки Пахтачи филиали бошқарувчиларининг ҳамда Нуробод, Нарпай ва Оқдарё туман ҳокимликларининг бу борада олиб бораётган ишлари талаб даражасида ташкил этилмаган.
Шунингдек, вилоятда 1094 нафар битирувчи кредит олиш истагини билдирган бўлса-да, уларга кредит маблағларини ажратиш борасида тижорат банклари томонидан етарли даражада амалий ишлар олиб борилмаган. 
Вилоятда аҳоли бандлигини таъминлаш дастури параметрларининг тўлиқ ижросини таъминлаш мақсадида халқ депутатлари вилоят Кенгаши ҚАРОР ҚИЛАДИ:
 
1.2017 йил биринчи ярим йиллигида иш ўринлари ташкил этиш ҳамда аҳоли бандлигини таъминлаш дастурининг ижроси ҳамда 2016/2017 йил касб-ҳунар коллежлари битирувчилари бандлигини таъминлаш юзасидан вилоят бандлик бош бошқармаси бошлиғи А.Усмановнинг ҳисоботи маълумот учун қабул қилинсин.
2.Туман ва шаҳар аҳоли бандлигини таъминлаш дастурининг ижросини ташкил этиш ва мувофиқлаштириш бўйича доимий ишловчи ишчи комиссиялар тасдиқланган режа-графиклар асосида муҳокамалар ўтказиб бориш ва лойиҳа ташаббускорларига амалий ёрдамлар кўрсатиб бориш қатъий белгилаб қўйилсин. 
3. Вилоят иқтисодиёт ва ҳудудларни комплекс ривожлантириш бош бошқармаси (У.Назаров), Марказий банк вилоят бош бошқармаси  (Қ.Собиров), давлат солиқ (З.Норқўзиев), бандлик (А.Усманов), архитектура ва қурилиш (Н.Содиқов), Рақобат (С.Холматов), бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси (З.Жўраев), статистика (Ж.Мийлиев), қишлоқ ва сув хўжалиги (Ш.Сафаров) бошқармалари, "Маҳалла" хайрия жамоат фонди вилоят бўлими (М.Бобоёров) туманлар ва шаҳарлар ҳокимликлари билан биргаликда: 
ўзларига бириктирилган йўналишлар бўйича манзилли рўйхатларга киритилган лойиҳаларни тармоқ жадвалларида белгиланган муддатларда ишга туширилишини ва иш ўринлари ташкил этилишини таъминлаш; 
2017 йилда аҳоли бандлигини таъминлаш дастурини сўзсиз бажариш, меҳнат бозорининг ҳудудий тузилмасини такомиллаштириш, айниқса, ишчи кучи кўп аҳоли пунктларида ишчи кучига талаб ва таклифнинг мутаносиблигини таъминлаш юзасидан зарур чора-тадбирларни кўриш;
2017 йилнинг январь-июнь ойларида амалга ошмаган лойиҳаларнинг сабабларини аниқлаш, мавжуд муаммоларни бартараф этиш;
йирик объектларда ҳамда саноат, хизмат кўрсатиш ва сервис, савдо ва умумий овқатланиш, транспорт, алоқа ва бошқа соҳалардаги кичик бизнес, хусусий тадбиркорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратиш вазифаси топширилсин.
4.Марказий банк вилоят бош бошқармаси (Қ.Собиров)га тижорат банклари билан биргаликда 2017 йилнинг 3-чорагида тижорат банклари томонидан бандлик йўналишлари бўйича хўжалик юритувчи субъектларнинг иш ўринлари ташкил этиш бўйича бизнес-лойиҳаларини молиялаштириш, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларига тадбиркорлик фаолиятини ташкил этиш учун кредит маблағларини ажратиш вазифаси тавсия этилсин.
5.Вилоят ҳокимлиги бандлик бош бошқармаси (А.Усманов)га шаҳарлар ва туманлар ҳокимликлари билан биргаликда:
бўш иш ўринлари тўғрисидаги маълумотларни тақдим этилиши устидан тизимли назорат ва таҳлил олиб бориш;
тегишли ташкилотлар билан биргаликда иш билан банд бўлмаган аҳолини, айниқса, қишлоқ жойлардаги аҳолини, аҳолининг ижтимоий жиҳатдан кам таъминланган тоифаларини, касб-ҳунар коллежларининг битирувчиларини ишга жойлаштириш, касбга қайта тайёрлаш ва ижтимоий ҳимоя қилишга доир чора-тадбирлар кўриш;
дастур ижросини таъминлашда йўл қўйилаётган камчилик ва муаммолар кузатилаётган ҳудудлар бўйича таҳлил ва таклифларни ҳар ой якуни билан ҳудудий ишчи комиссиялар муҳокамасига киритиб бориш топширилсин.
6. Халқ банки Нарпай филиали (К.Нурмаматов), Халқ банки Пахтачи филиали (У.Қурбонов) бошқарувчилари ҳамда Нуробод (Ф.Зоиров), Нарпай (Б.Жабборов) ва Оқдарё (П.Ўсаров) туманлари ҳокимларининг 2016/2017 йил касб-ҳунар коллежи битирувчилари бандлигини таъминлаш борасида олиб бораётган ишлари талаб даражасида ташкил этилмаганлиги қайд этилсин. 
7. Вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Ш.Худойбердиев иқтисодиёт мажмуаси таркибидаги корхона, ташкилот ва муассасаларнинг раҳбар ва масъул ходимлари билан биргаликда:
вилоятда 2016/2017 йил битирувчилар бандлигини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган college.mehnat.uz электрон дастури орқали битирувчилар бандлиги юзасидан кунлик назорат ишларини ўрнатиш;
битирувчилар бандлигини таъминлашга масъул этиб бириктирилган вилоятнинг иқтисодий мажмуаси таркибидаги корхона, ташкилот ва муассаса раҳбар ва ходимларининг бу борада олиб бораётган ишлари, айниқса, ўзларига бириктирилган битирувчилар бандлигини таъминлаш бўйича халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлари олдида ҳисобот бериш;
ҳар бир битирувчининг ишга жойлашганлиги, тадбиркорлик фаолиятини бошлаш учун кредит маблағларига бўлган талабидан келиб чиқиб, кредит маблағлари ажратилишига кўмаклашиш;
битирувчиларнинг бандлигини таъминлаш масаласи юзасидан битирувчиларнинг ота-оналари билан учрашувлар ўтказиш вазифаси  юклатилсин.
8. Вилоят иқтисодиёт ва ҳудудларни комлекс ривожлантириш бош бошқармаси (У.Назаров), бандлик бош бошқармаси (А.Усмонов), ер ресурслари ва давлат кадастри бошқармаси (С.Ҳакимов), Қўшработ тумани ҳокимлиги (А.Алиходжаев) тегишли ташкилотлар билан биргаликда 10 августга қадар Қўшработ тумани "Оқчобсой" сув омбори жойлашган ҳудуддаги ер майдонларини тўлиқ ўрганиб, самарали фойдаланиш бўйича вилоят ҳокимлигига аниқ таклифларни киритсинлар.
9. Вилоят ҳокимлиги бандлик (А.Усмонов), давлат солиқ (З.Норқўзиев), статистика (Ж.Мийлиев) бошқармалари:
солиқ ва статистика идоралари маълумотлар базасидаги фаолият кўрсатмаётган кичик бизнес субъектлари сони тўғрисидаги маълумотларнинг бир хиллигига эришиш;
ушбу фаолият кўрсатмаётган тадбиркорлик субъектлари фаолиятини қайта тиклаш ҳисобига янги иш ўринларини яратиш юзасидан зарур чораларни кўриш вазифалари юклатилсин.
10.Мазкур қарор бажарилишини назорат қилиш халқ депутатлари вилоят Кенгашининг маҳаллий бюджетни шакллантириш ва ижро этиш, иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш ҳамда тадбиркорликни ривожлантириш масалалари бўйича доимий комиссияси (З.Каримов) ва вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари (Ш.Худойбердиев) зиммасига юклансин.

Вилоят Кенгаши раисиТ.ЖЎраев
2017 йил 28 июль




Reklama huquqi asosida