Охирги янгиликлар

Эзгу умидлар фасли Сиёсат

Иккинчи жаҳон урушидан кейин туғилган авлодни чин маънода бахтли одамлар қаторида санаш мумкин. Нега деганда, биз ҳаётимизни остин-устун қилиб юборадиган даражада қаҳатчилик, очлик, яланғочлик  энг муҳими, уруш балосини кўрмадик.
Ҳолбуки, ўтган асрнинг 40-йиллари ўрталаридан 1991 йилгача давом этган совуқ уруш кўланкаси бошимиз узра ҳамиша хатар пайдо қилиб турди. Хайриятки, жаҳон миқёсида давом этиб турган кичик-кичик урушлар ҳамда ҳарбий можароларни ҳисобга олмаганда, ҳаётимиз, умуман, тинч кечди. Бугун, йигирма биринчи асрнинг йигирманчи йилларига яқинлашаётган кунларда Аллоҳнинг ушбу бебаҳо неъмати – тинчлик учун минг-минг шукроналар айтсак арзийди.
Албатта, бунда фашизм балосини даф этиб, тинчлик ўрнатган, кейинчалик уни сақлаш учун беҳад катта ҳисса қўшган инсонлар, халқаро ташкилотлар ва тинчликсевар давлатлар ҳиссасини бир дам бўлса-да унутиб бўлмайди. Айниқса, Марказий Осиё ва Афғонистонда тинликни сақлаш йўлида БМТ минбарида жасорат билан сўзлаган ва бу ишга шахсан ҳисса қўшган Биринчи Президент Ислом Каримов хизматини бутун дунё эътироф этди.

Аввало, Иккинчи жаҳон уруши сабоқларидан келиб чиқиб, янгидан ташкил этилган Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти, Шанхай Ҳамкорлик ташкилоти сингари халқаро уюшмаларнинг тинчликни сақлаш борасидаги фаолиятлари айрим камчилик-нуқсонларига қарамасдан катта ҳурмат ва миннатдорчиликка сазовор.
БМТнинг саъй-ҳаракати самараси ўлароқ собиқ СССР ҳамда АҚШ раҳбарларининг учрашуви ўтган асрнинг 70-йилларида янги мазмун кашф этди. Икки қарама-қарши қудратли давлатлар орасида Иккинчи жаҳон уруши йилларида шаклланган ҳамкорлик қайта тиклангандек бўлди. Бироқ Вьетнам ва Корея уруши билан орага тушган совуқлик 70-йилларнинг охирида совет қўшинларининг Афғонистонга киритилиши билан муносабатларни яна беқарорлаштирди.

Ушбу таранглик 1985 йил, яъни шўро ҳукумати бошига ислоҳотчи раҳбар – Михаил Сергеевич Горбачёв келиши билан бироз юмшагандек бўлди. Берлин девори қулаб, собиқ шўро салтанати таназзулга юз тутганидан кейин, халқаро ҳамжамият совуқ урушга барҳам берилгани ва инсоният тараққиётида янги давр бошланганини енгил тан олиб, эътироф этди. Халқаро ҳамкорлик, глобаллашув жараёнлари беқиёс шиддат билан тезлашиб кетди. Узоқ йиллар давом этган тинчлик самараси ўлароқ нафақат дунёнинг илғор мамлакатлари, балки тараққиёт карвонининг думида юрган Осиё, Африка ҳамда Лотин Америкасининг бир қанча давлатлари ҳам ривожланишнинг кенг йўлига чиқиб олишди. Бу борада Хитой, Ҳиндистон, Индонезия, Туркия, Жанубий Корея, Жанубий Африка Республикаси, Бразилия ва Мексика сингари мамлакатлар дунёнинг кучли йигирмалик давлатлари сафига қўшилди.
Бу ҳолат ХХ асрнинг охиригача давом этди. Бироқ йигирма биринчи аср бошланиши билан жаҳон миқёсидаги иқтисодий жабҳадаги рақобат яна сиёсий-ҳарбий йўналиш касб эта бошлади. Ўтган асрда бу борадаги "пойга" асосан, собиқ СССР ва АҚШ ўртасида кечган бўлса, эндиликда қуролланиш мусобақасига Хитой, Ҳиндистон, Эрон, Покистон, Шимолий Корея сингари янги иштирокчилар ҳам қўшилдилар. Нега десангиз, тараққиёт натижасида ушбу мамлакатлар бойлигининг кўпайиши ўз-ўзидан янги имкониятлар эшигини очиб бераётир. Янги илғор техника ва технологиялар фақат халқ фаровонлиги учун эмас, балки янги хилдаги ҳарбий техника ҳамда технологияларнинг яратилишига ҳам имкон туғдирмоқда. Кечагина халқини тузукроқ тўйғазишга ҳам ожиз бўлиб турган Шимолий Корея бугун АҚШдек қудратли давлатга тенглашиб, баллистик ракеталар, атом ва водород бомбалари билан таҳдид солмоқда. Россияда замонавий ракета – ядро қуроллари синовдан ўтказилмоқда. 

Шарқдаги буюк қўшнимиз Хитой Халқ Республикасининг халқ хўжалиги соҳасида эришаётган оламшумул ютуқлари эса аста-секин замонавий ҳарбий самолётлар, дунёнинг истаган бурчагига ядро зарядларини олиб боришга қодир баллистик ракеталар, янги авиаташувчи ҳарбий кемалар кўринишида акс этаётир. Бу мусобақага қўшилган Ҳиндистон ҳам яқинда ракеталарини космосга чиқариб, пойгадан ортда қолмаётганини исботлади. Эрон ва Шимолий Кореяда ҳалокатли вайронагарчилик содир этишга қодир ядро зарядларининг синаб кўрилаётганлиги ҳам дунёдаги тинчликсевар одамларнинг юрагини беҳаловат қилаётир.

Юқорида ёзганимиздек, дунё афкор оммасининг саъй-ҳаракати билан таъсис этилган халқаро ташкилотлар қуролланиш пойгаси, турли экологик ҳалокатлар ва энг асосийси янги жаҳон урушининг олдини олиш мақсадида изчил ҳаракат қилишмоқда.
Яқинда Германия Федератив Республикасининг Гамбург шаҳрида дунёнинг кучли иқтисодиётга эга 20 давлат раҳбарларининг учрашув саммитида ҳам бугунги долзарб муаммолар кўтарилди. Энг муҳими, ушбу саммитда АҚШ Президенти Дональд Трамп билан Владимир Путин биринчи бор учрашиб қўл сиқиб кўришди. Улар Сурия ҳамда Украинадаги вазият, дунёдаги сиёсий-ҳарбий кескинлашишни юмшатиш борасида икки соат суҳбатлашиб фикр алмашишди. Ўйлаймизки, суҳбат натижасида улар бир-бирларини янада яхшироқ билиб олишди ва бу халқаро вазиятни яхшилайди деб умид қиламиз.

Бундан сал аввалроқ Беларусь Республикаси пойтахти Минск шаҳрида Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар парламент ассамблеясининг анжумани бўлиб ўтди. Унда ҳам қатнашган мамлакатлар парламент вакиллари сайёрамизнинг шимолий ярим шарида жойлашган АҚШ, Канада, Европа Иттифоқи, МДҲ мамлакатларидан келган юздан зиёд парламентарийлар учрашиб, ер юзидаги салқинлашиб қолган сиёсий иқлимни илиқлаштириш чораларини муҳокама этишди. Европа ҳамда Осиёдаги кескинлик ўчоқларидаги зиддият учқунлари ўт олиб кетмаслиги учун зарур резолюцияларни қабул қилишди. Ундаги келишувлар аъзо мамлакатларнинг барча вакилларига ҳам ёқмаган бўлса-да, уларнинг бир даврада ўтириб, муаммоларни муҳокама қилишларининг ўзи катта воқеа.

Чунки, ҳозирги пайтда ушбу минтақада ўнлаб зиддият нуқталари мавжуд. Масалан, Озарбайжон ва Арманистон орасидаги Қорабоғ муаммоси, Грузиядаги Абхазия ҳамда Жанубий Осетия, Украинадаги Қрим ва Донбасс, Молдавиядаги Приднестровье масалаларидаги давлатлараро келишмовчиликлар худди аста-секин портлайдиган бомбага ўхшаб турибди. Бу ерлардаги можаролар чўғи мана 30 йилдирки, гоҳ ўчиб, гоҳ алангаланади. Тегишли томонлар музокаралар столи атрофида ўтириб, ушбу муаммоларни тинч йўл билан ҳал қилмасалар, кичик можаролар катта урушларни келтириб чиқариши тарихдан маълум. Украинада бугунги кунгача ҳозир ҳам охири кўринмаётган қуролли можароларда 10 мингдан зиёд одам қурбон бўлди. Яна қарийб шунчаси майиб-мажруҳ, миллионлаб тинч фуқаролар қочқинга айланиб, туғилган жойини тарк этди. Саммит қатнашчилари ана шу масала атрофида ҳам резолюция қабул қилишди.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, 2017 йилнинг ёз мавсуми дунёдаги тинчликсевар инсонлар учун эзгу умидлар фасли бўлди.

Худойберди КОМИЛОВ,
"Зарафшон"нинг
сиёсий шарҳловчиси.


Reklama huquqi asosida