Охирги янгиликлар

Ёшлар тақдирига ҳеч ким бефарқ эмас Сиёсат

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеяси 72-сессиясида сўзлаган нутқи барчамизга фахр-ифтихор бахш этди. Унинг моҳияти Ўзбекистон Республикасининг ички сиёсати ҳам, ташқи сиёсати ҳам тинчлик, фаровонлик, ҳамжиҳатликка асосланиши, инсон манфаатлари ва тараққиётга қаратилганлигини акс эттиргани билан аҳамиятли бўлди. 
Шунингдек, давлатимиз раҳбари дунёнинг турли давлатларида диний ва ирқий можаролар авж олаётгани, кучайиб бораётган диний экстремизм ва терроризм таҳдидларига қарши курашишда аввало, уларнинг сабабларини ўрганиш, ёшлар таълим-тарбиясига алоҳида эътибор қаратиш зарурлигини таъкидлади. БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенциясини ишлаб чиқиш ҳақида таклифини дунё жамоатчилиги қўллаб-қувватлагани ҳеч ким ёшларнинг тақдирига бефарқ, эътиборсиз эмаслигини намоён этди.  
Президентимиз маърузасини эшитиб, курраи заминимиз барчамизнинг умумий уйимиз эканлигини, ана шу умумий уйда ҳар бир мамлакатнинг эртанги куни эгалари, яъни ёшлар бунёдкор шахс сифатида тарбия топиши, таълим олиши, камолотга эришиши нақадар муҳимлигини яна бир карра ҳис қилдик. 

Давлатимиз раҳбари ўз нутқида хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш билан боғлиқ муаммолар, Афғонистондаги вазиятни тинч йўл билан ҳал қилиш, у ерда тинчлик ва барқарорликка эришиш, дунё ҳамжамиятини қийнаётган глобал муаммоларга ҳам эътибор қаратди. Ислом динини ниқоб қилган турли оқим ва ташкилотларнинг хунрезлик ва зўравонлиги динимиз асл моҳиятидаги инсонпарварлик, тинчликсеварлик ва бағрикенглик каби ғояларга мутлақо зидлигини таъкидлади. 

Маърузада  билдирилган таклифлар саводсизлик ва жаҳолатга қарши курашиш, ўзаро тенглик, таълим олиш ҳуқуқини, бағрикенглик, диний эркинликни таъминлаш каби эзгу амалларни ўз ичига олган. Президентимиз ўз сўзи якунида дунё мамлакатларини тинчлик, тараққиёт ва фаровонлик йўлида ҳамкорлик қилишга чақирди. Бу чақирув халқаро муаммоларни ечиш, атроф-муҳитни асраш, ёшлар келажаги учун муносиб шароитлар яратишнинг ягона йўлидир.
Илҳом БОТИРОВ,
ЎзЛиДеП вилоят кенгаши раисининг
биринчи ўринбосари.