Охирги янгиликлар

Чеченистон раҳбари – Самарқандда Сиёсат

Амалий ташриф билан юртимизга келган Чеченистон Республикаси раҳбари Рамзан Қодиров 17 октябрь куни Самарқандда бўлди. 
Юқори мартабали меҳмон Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари З.Мирзаев ҳамроҳлигида Ҳазрати Хизр мажмуасига ташриф буюриб, Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов қабрини зиёрат қилди. Буюк Юртбошимиз қабрига гул қўйиб, ҳурмат бажо келтирди. Қуръон тиловат қилинди. 

Рамзан Қодиров буюк давлат ва сиёсат арбоби бўлган Ислом Каримов Ўзбекистон Республикасининг мустақиллиги ва тараққиёти йўлида улкан ишларни амалга оширган тарихий шахс эканлигини таъкидлади. Унинг раҳнамолигида юртимизда аждодларимиздан мерос тарихий-маданий обидаларни асраб-авайлаш, муқаддас қадамжоларни обод этиш борасида кенг кўламли бунёдкорлик ишлари амалга оширилгани қайд этилди.
Ёдгорлик мажмуасининг миллий меъморчилик анъаналари асосида бунёд этилгани ва бу ерда зиёратчилар учун яратилган қулайлик ва имкониятлар меҳмонда катта таассурот қолдирди.
Чеченистон раҳбари шаҳардаги Шоҳи Зинда ёдгорлик мажмуи, Хўжа Дониёр зиёратгоҳи, Амир Темур мақбараси, Регистон майдони ва бошқа диққатга сазовор масканларда бўлиб, мазкур иншоотларнинг яратилиш тарихи, уларни келгуси авлодларга безавол етказиш борасида амалга оширилаётган ишлар билан танишди.

Буюк муҳаддис Имом Бухорий мажмуаси зиёрати Рамзан Қодиров учун юртимизга ташрифнинг муҳим воқеаларидан бири бўлди. Ислом оламида энг ишончли ва сара ҳадисларни тўплаган улуғ аллома мангу ором топган маскан мамлакатимиз мустақиллиги туфайли обод этилиб, бугун юртимизнинг энг қутлуғ зиёратгоҳларидан бирига айланди. Ҳар куни бу ерга юртимиз ва хориждан минглаб кишилар келиб, буюк аллома қабрини зиёрат қилади. 
Меҳмонлар Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан айни пайтда мажмуа яқинида бунёд этилаётган Имом Бухорий номидаги халқаро илмий-тадқиқот маркази лойиҳалари билан танишди. Ушбу мажмуа муқаддас ислом динининг эзгу ғоялари ва маърифий аҳамиятини ўрганиш ҳамда тарғиб этишга хизмат қилиши таъкидланди.

– Ўзбекистонга ташрифим таассуротларга бой ўтмоқда, – дейди Рамзан Қодиров. – Кеча Президент Шавкат Мирзиёев билан учрашиб, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар соҳалар бўйича ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш юзасидан фикр алмашдик. Бугун эса Самарқанддаги муқаддас масканларни зиёрат қилиб, руҳий енгиллик ҳис қилдим. Ушбу қадамжоларнинг ободлиги, уларни асраб-авайлаш борасида давлатингиз томонидан амалга оширилаётган ишлар эътирофга лойиқ. Кейинги сафар Самарқандга оила аъзоларим билан келиб, бу ердаги тарихий обидалар ва муқаддас жойларни биргаликда зиёрат қилишни кўнглимга тугдим.
А.ШЕРХОЛОВ.