Охирги янгиликлар

Чегарадан ноқонуний ўтиш жиноий жавобгарликка сабаб бўлди Сиёсат

Бугунги кунда содир этилаётган жиноятлар орасида Ўзбекистон Республикаси чегарасидан ноқонуний ўтиш ҳолатлари ҳам учраб турибди. Бунга хорижга чиқиб келаётган айрим шахсларнинг қонунларни яхши билмаслиги сабаб бўлса, баъзи ҳолатларда фуқаролар белгиланган  тартибларни билган ҳолда бу жиноятни содир этмоқда.
Мамлакатимизда фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, эркинликлари ва тенгликларини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар кўлами ниҳоятда кенг. Лекин бу имкониятларга бефарқ бўлиб, ўзбошимчалик билан, ноқонуний равишда чегарадан ўтишдек хомхаёлларга берилиб, қонунларни назар-писанд қилмай, уни четлаб ўтишга ҳеч кимнинг ҳақи йўқ. Зеро, қонунни бузган панд ейди.

Ургут туманида истиқомат қилувчи Ҳ.Маҳкамов ҳам шундай панд еган шахслардан. Маълум бўлишича, у пул топиш мақсадида Қозоғистон Республикасига кетади ва у ерда маълум муддат ишлайди. Аммо қайтишида унинг фуқаролик паспорти Қозоғистон Республикаси фуқаросида қолиб кетганлиги сабабли Ўзбекистон Республикаси давлат чегарасидан айланма йўллар орқали ўтиб, ноқонуний равишда юртимизга кириб келади.
Ҳ.Маҳкамов бу ҳаракати билан "Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегараси тўғрисида"ги қонун ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг "Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг чет элга чиқиши ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудига кириши тартиби тўғрисида"ги қарори талабларини бузади. Унга бу ишда Қозоғистон Республикаси  фуқароси моддий манфаатдорлик эвазига ёрдам беради.

Мамлакатимизда давлат тинчлигини асраш, сарҳадларимиз дахлсизлигини таъминлаш борасида олиб борилаётган  саъй-ҳаракатларга қарамасдан, бундай  кимсаларнинг давлат чегараларини бузиш, макру ҳийла билан яширин ва айланма йўллар орқали  ҳудудлардан ноқонуний тарзда ўтишга уринаётгани одам савдоси, терроризм, диний экстремизм, наркобизнес каби иллатларнинг келиб чиқишига сабаб бўлиши мумкин.
Ҳар бир жиноятга жазо муқаррар, албатта. Чегара постларини ноқонуний йўллар билан четлаб ўтган Ҳ.Маҳкамовга  нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг тегишли моддаларига кўра жазо тайинланди.

Шу ўринда бир мулоҳаза. Аксар ҳолларда одам савдоси қурбонига айланишига одамларнинг ўзлари сабаб бўлмоқда. Хусусан, мўмай пул топиш илинжида хорижга ноқонуний йўллар орқали отланаётган, чегарадан ўтиш тартиб-қоидаларини бузаётган шахслар нопок кимсалар қўлига тушиб, жабр-ситам тортмоқда. Қонунларга қатъий амал қилиш бу каби нохуш ҳолатларнинг олдини олади.
F.АБДУСАМАТОВ.