Охирги янгиликлар

Тўғри йўлдан адашманг Сиёсат

Вилоят давлат солиқ бошқармасида коррупция ва бошқа жиноятларга қарши курашиш, уларнинг олдини олишга бағишланган давра суҳбати ўтказилди.
Ҳуқуқ-тартибот идоралари, жамоат ташкилотлари вакиллари ҳамда солиқ органлари ходимлари ва уларнинг оила аъзолари иштирок этган тадбирда мамлакатимизда коррупция, у билан боғлиқ жиноят ва ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида сўз юритилди.
Жорий йилнинг 4 январь куни кучга кирган "Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида"ги Қонун мазкур йўналишдаги ишларнинг муҳим босқичи сифатида фуқароларнинг давлат идораларига нисбатан ишончини мустаҳкамлаш, коррупция тусидаги ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга хизмат қилмоқда. 

– Бугунги кунда жаҳон миқёсида коррупцияга қарши курашиш энг долзарб масалалардан бири ҳисобланади, –  дейди вилоят прокуратураси катта терговчиси Б.Аминжонов. – Бу борада кўплаб халқаро ҳужжатлар ҳам қабул қилиниб, улар асосида ушбу иллатга қарши чоралар кўрилмоқда. Мамлакатимизда ҳам бу борада тегишли давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари томонидан кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Шунга қарамай, коррупция билан боғлиқ ҳолатлар учраб турибди. Жумладан, жорий йил бошидан буён вилоятимиздаги солиқ идоралари ходимлари иштирокида учта ана шундай ҳолат қайд этилди.
Тадбирда солиқ органлари ходимлари, уларнинг оила аъзолари ушбу иллатга қарши курашиш юзасидан ўз фикрларини билдирди. Коррупция ва йўл-транспорт ҳодисаларининг аянчли оқибатлари ҳақида ҳикоя қилувчи видеолавҳалар намойиш этилди.

Д.Равшанов,
вилоят давлат солиқ бошқармаси
жамоатчилик билан алоқалар ва 
ҳуқуқий ахборот бўлими бошлиғи.