Охирги янгиликлар

ШҲТга аъзо давлатлар Олий судлари раислари Самарқандда Сиёсат

Тошкент шаҳрида ўтказилган Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотига аъзо давлатлар Олий судлари раисларининг 12-йиғилиши иштирокчилари 26 октябрь куни Самарқанд шаҳрига ташриф буюришди.
Мартабали меҳмонларни темирйўл вокзалида вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Т.Жўраев кутиб олди. Меҳмонлар дастлаб мамлакатимиз Биринчи Президенти Ислом Каримов қабрини зиёрат қилди. 
Шундан сўнг улар Ўзбекистон Республикаси Президентининг Самарқанд вилоятидаги Халқ қабулхонасида бўлиб, бу ерда фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш, инсон ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасидаги ишлар ҳамда қабулхонада фуқароларни қабул қилиш учун яратилган шароитлар билан танишди.  
– Ўзбекистонда ташкил этилган Президентнинг виртуал қабулхонаси, қолаверса, ҳар бир туманда фаолият юритаётган Халқ қабулхоналари мен учун янгилик бўлди, – дейди Қирғизистон Республикаси Биринчи Май райони суди раиси Айнура Сатарова. – Бу тизимнинг жорий қилингани мамлакатда фуқаролар мурожаатлари билан ишлашнинг замонавий шакли бўлиб, одамлар ҳақ-ҳуқуқи ҳимоясида қўл келади. Халқ билан мулоқот қилишнинг бу самарали тизимини Қирғизистонда ҳам татбиқ этиш ҳаракатида бўламан.
Ташриф давомида меҳмонлар Амир Темур, Хўжа Дониёр мақбаралари, Регистон ансамбли ҳамда Мирзо Улуғбек расадхоналарини томоша қилишди.
Ўз мухбиримиз.