Охирги янгиликлар

Депутатлик сўровлари асосида муаммолар ҳал этилади Сиёсат

Каттақўрғон туманида Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан сайланган Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва маҳаллий кенгашлар депутатларининг сайёр қабули ташкил этилди.
Тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати М.Муҳаммадиев аҳолининг турли масалалардаги мурожаатларининг аксарияти сайёр қабулларда ечим топаётганлигини таъкидлади. 

Олмазор маҳалласида бўлиб ўтган мулоқотда 70 нафарга яқин фуқаронинг мурожаатлари тингланди. 
Яккабоғ маҳалласида яшовчи Элмурод Турдиев маҳаллада 400 нафарга яқин вояга етмаган ёшлар борлиги, улар таълим олаётган мактаб узоқлиги учун қатнаб ўқиш ўқувчиларга қийинчилик туғдираётганлигини таъкидлаб, яқин ҳудудда мактаб ташкил этиш масаласида мурожаат қилди. Кичиккўрпа маҳалласи фуқароси Салоҳиддин Сирожиддинов қишлоқ қабристони аҳоли яшаш ҳудудида жойлашганлигини айтиб, қишлоқ четидан қабристон учун жой ажратилишида ёрдам сўради. Файзиобод маҳалласида яшовчи Азиза Ражабова уйи тепасидан юқори кучланишли электр симлари ўтганлиги, симёғочлар эскириб қолганлиги, бу эса фуқаролар ҳаётига хавф туғдираётганлигини билдирди. 

– Маҳалламизда тоза ичимлик суви масаласи бир неча йиллардан буён муаммо бўлиб турибди, – дейди Абулқосим қишлоғида яшовчи Ҳусан Тўхтаев. – Бу масалада бир неча бор тегишли ташкилотларга мурожаат этдик. Аммо масала ҳалигача ҳал этилгани йўқ. 
Аҳоли мурожаатлари асосида қайд этилган муаммолар юзасидан масъул идораларга депутатлик сўровлари юборишга келишиб олинди. 
– Одамлар билан юзма-юз, очиқ мулоқотнинг йўлга қўйилгани мавжуд муаммоларни аниқлаш ва бартараф этишда муҳим аҳамият касб этмоқда, – дейди партия вилоят кенгаши жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш бўлими мудири Бахтиёр Мустафоев. – Бугунги сайёр қабулда фуқароларнинг ҳар бир мурожаати қатъий назоратга олинди. 
Сайёр қабулда туманда мурожаатлар билан ишлашнинг аҳволи, одамларнинг дарду ташвишларини эшитиш, муаммоларига ечим излаш борасидаги ишлар ҳам таҳлил этилди.
Fолиб АБДУСАЛОМОВ.