Охирги янгиликлар

Сиёсий партия ва депутатлик гуруҳлари нега уларнинг фаолияти жонланмаяпти? Сиёсат

Каттақўрғон шаҳрида сиёсий партиялар ва депутатлар фаолияти билан танишиш давомида учраган баъзи ҳолатлар шундай савол      қўйишимизга сабаб бўлди. 
Аввалги мақолаларимизда кўп бора таъкидлаганимиздек, Президентимиз Ш.Мирзиёевнинг жорий йил 12 июлда Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар ва Ўзбекистон экологик ҳаракати вакиллари билан видеоселектор йиғилишида соҳадаги муаммолар, сиёсий партия ва депутатлар фаолиятига танқидий ёндашилиб, келгусида амалга оширилиши лозим бўлган устувор вазифалар белгилаб берилган эди.

Аммо бу вазифаларга баъзи сиёсий партиялар вилоят, шаҳар ва туманлар кенгашлари томонидан эътиборсизлик ҳолатлари ҳамон учрамоқда. Гарчи вилоятимизда ушбу вазифаларнинг ижросини таъминлаш мақсадида  Олий Мажлис Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатлари иштирокида сиёсий партияларнинг вилоят кенгашлари, маҳаллий кенгашлар депутатлари, доимий комиссиялар фаолияти ўрганилиб, аниқланган муаммолар ва камчиликлар вилоят кенгаши сессиясида муҳокама қилиниб, аниқ чоралар белгиланган бўлса-да, бу каби салбий ҳолатлар бартараф этилмаяпти.
Фикримизнинг тасдиғи сифатида Халқ демократик партияси Каттақўрғон шаҳар кенгаши ва депутатлик гуруҳи фаолияти самарали йўлга қўйилмаганлигини келтиришимиз мумкин. Партия гуруҳидаги депутатларнинг йиғма жилдларини ҳатто масъул шахслар ҳам топиб бера олмади. Режа ва ҳисоботлар мавжуд эмас. Жорий йилда шаҳар кенгаши сессияларига депутатлик гуруҳи томонидан бирорта масала киритилмаган. Мансабдор шахслар ҳисоботлари тингланмаган. Депутатлик гуруҳи раҳбари Т.Ҳамидов 10 нафар депутатдан иборат гуруҳнинг йиғилиши охирги марта қачон бўлганини ҳам эслолмайди. Депутатлар фаолияти ҳам шунга яраша.

Ахир, сайловчилар ишонч билдирган ҳар бир депутат  вақти-вақти билан депутатлик бурчимни қандай бажармоқдаман, нимага улгурдим-у қайси ишга вақтим ёки ҳафсалам, балки салоҳиятим етмади, бизни депутатликка номзод этиб кўрсатган партиянинг фаолиятидаги иштироким қониқарлими  ёки йўқми, деган саволларни ўз олдига қўйиши  ва албатта, унга жавоб излаши керак. Аммо саволларга ушбу партиядан шаҳар кенгашига сайланган депутатларнинг жавоб топиши амримаҳол.
"Адолат" социал-демократик партияси Каттақўрғон шаҳар кенгаши раиси Д.Ҳасанова маълумотига кўра, шаҳар кенгаши сессиясига жорий йилда бир марта масала киритилган. Аммо мансабдор шахслар ҳисоботлари умуман тингланмаган. Ўрганишлар давомида ушбу партиядан шаҳар кенгашига сайланган депутатлар ўз сайловчилари билан учрашувлар ўтказиши қониқарсиз эканлигининг гувоҳи бўлдик. Депутатлар йиғма жилдлари эса тўғри юритилмаган, режа ва ҳисоботлар талаб даражасида эмас. 

Вилоят сессиясида аксарият ҳудудий партия ташкилотларининг иш режалари мавжуд эмаслиги, борларида эса уларнинг ижроси ўз ҳолига ташлаб қўйилганлиги жиддий танқид қилинган бўлса-да, бу камчиликлар ҳалигача бартараф этилмаган. 
Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Каттақўрғон шаҳар кенгаши ва депутатлик гуруҳи фаолиятини бошқа шаҳар ва туманларда учратганимиз каби қониқарли, дейишимиз мумкин. Сабаби, бу партия ва депутатлик гуруҳи фаолияти билан танишганимизда юқоридаги салбий ҳолатларни учратмадик. Яъни, шаҳар кенгаши сессияларига масалалар киритилган, бир неча мансабдор шахсларнинг ҳисоботи ва ахборотлари тингланган. Депутатлар йиғма жилдларида режа ва ҳисоботлар, сайловчилар билан учрашувлар баённомалари, депутатлик сўровлари ҳақида маълумотлар мавжуд.

Шаҳардаги бошқа сиёсий партия кенгашлари ҳам ўз фаолиятларини шундай самарали ташкил этса, мақсадга мувофиқ бўларди.
Ўрганишларимиз давомида "Миллий тикланиш" демократик партияси  Каттақўрғон шаҳар кенгаши раиси, депутатлик гуруҳи, ҳатто фаолият юритадиган биноси ҳам йўқлигига гувоҳ бўлдик. Шу сабабли халқ депутатлари шаҳар кенгашига бу партиядан бирорта депутат сайланмаган. 
Fолиб АБДУСАЛОМОВ, 
"Зарафшон"нинг махсус мухбири.