Охирги янгиликлар

Депутатлар сайловчилар муаммоларини ҳал этмоқда Сиёсат

Ўзбекистон "Адолат" социал демократик партияси Ургут туман кенгаши депутатлари сайловчилар муаммоларини ўрганиб, уларни ҳал этиш юзасидан зарур чора-тадбирларни кўрмоқда. 
Депутатларнинг Жарқишлоқ маҳалла фуқаролар йиғинида бўлиб ўтган аҳоли билан учрашувида бир нечта мурожаатлар тингланди ва аксарияти жойида ечим топди. 
– Турмуш ўртоғим доимий иш билан банд бўлмаганлиги сабабли оилада моддий етишмовчилик бор, – дейди фуқаро М.Исломова. – Мавсумий ишларга чиқай десам, фарзандим ҳали ёш. 2017 йилнинг апрель ойидан буён маҳаллага фарзандимга икки ёшгача бериладиган нафақа пули сўраб мурожаат қиламан, аммо ҳалигача нафақа тайинлангани йўқ.
Депутатлик гуруҳи томонидан маҳалла раиси Д.Эгамовдан бу масалада изоҳ сўралди. Фуқарога жорий йилнинг ноябрь ойидан нафақа тайинланиши ҳақида маълумот берилди.
Камардон маҳалласида бўлиб ўтган учрашув чоғида фуқаро Б.Тоғаева 2010 йилда яқинлари кўмагида уй қургани, аммо шундан буён бу иморатини таъмирлаб олишга имконияти етмаётганини айтиб мурожаат қилди. Депутатлик гуруҳи ташаббуси билан фуқаронинг уй-жойини таъмирлаш учун туман касаба уюшмалари бирлашмаси томонидан маблағ ажратиладиган бўлди. 
Депутатлар ушбу маҳаллада яшовчи, боқувчисини йўқотган, 4 нафар вояга етмаган фарзанднинг онаси Г.Холмуродовага маиший техника жиҳозлари совға қилди.
Мадина БАРАТОВА,
халқ депутатлари Ургут туман кенгаши депутати.


"Темурбеклар мактаби"га саёҳат
Ўзбекистон "Адолат" социал демократик партияси Самарқанд шаҳар кенгаши ташаббуси билан "Маҳалла" хайрия жамоат фонди шаҳар бўлими, ўқув муассасалари ҳамкорлигида мактабларда таълим олаётган ўқувчи-ёшларнинг шаҳардаги "Темурбеклар мактаби"га саёҳати ташкил этилди. 
– Биз тинчликсевар халқмиз. Уйимиз, юртимиз тинч бўлса, хотиржам меҳнат қилиб, ҳар қандай маррани ўз кучимиз билан забт этамиз, – дейди партиянинг шаҳар кенгаши раиси Элёр Улуғмуродов. – Албатта, тинч ва фаровон турмуш ўз-ўзидан таъминланмайди. Бунга барча ўз ҳиссасини қўшиши зарур. Шу мақсадда биз депутатларимиз билан биргаликда ҳарбий ватанпарварлик руҳида қатор тадбирлар, учрашувлар ўтказиб, эл-юрт равнақи учун фидойи бўлиш каби юксак туйғуни ёшлар онгига чуқур сингдиришга алоҳида эътибор қаратмоқдамиз. 
Саёҳат давомида "Темурбеклар мактаби" ўқувчиларининг ҳарбий тайёргарлик машқлари намойиш этилди.

Илғор АДИЛОВ.