Охирги янгиликлар

Электрон ҳукумат тарғиботига бағишланди Сиёсат

Самарқанд шаҳрида электрон давлат хизматларини янада ривожлантириш ва уларнинг тарғиботи масалаларига бағишланган "Ягона порталдаги электрон давлат хизматлари ҳақида аҳолини хабардор қилишнинг самарали усуллари" мавзуида семинар бўлиб ўтди. 
Осиё Тараққиёт банки кўмагидаги "Самарали давлат бошқаруви учун электрон ҳукумат" лойиҳаси доирасида ташкил этилган семинарда давлат хизматларининг онлайн режимга ўтиш борасида аҳолини ҳар томонлама хабардор қилишнинг долзарблиги билан боғлиқ масалалар ўртага ташланди.
– Электрон ҳукумат тараққиёти индекси бўйича Ўзбекистон жаҳондаги 193 та давлат ичида 80-ўринни эгаллади, – дейди лойиҳа эксперт-консультанти Дилфуза Мирзааҳмедова. – Электрон ҳукуматни ривожлантириш бўйича олиб борилган кенг кўламли чора-тадбирлар натижасида республикамиз икки йил олдинги кўрсаткичга нисбатан 20 поғона юқорига кўтарилди. Жорий йилда Ҳаракатлар стратегияси доирасида Ягона порталнинг янги шакли my2.gov.uz ҳам ишга туширилди. Айни пайтда тест режимида ишлаётган мазкур порталда 300 дан зиёд давлат хизматлари бир жойда жамланган бўлиб, бу ерда фуқаролар ўзларининг фикр-мулоҳазалари, ариза ва мурожаатларини қолдиришлари мумкин.
Семинар машғулотлари давомида вилоят давлат бошқаруви органларининг ахборот хизматлари ходимлари ва оммавий ахборот воситалари вакилларига Ягона портал орқали кўрсатилаётган электрон давлат хизматларини тарғиб қилишда самарали усуллардан фойдаланиш, замонавий медиаформатларни ишга солиш юзасидан маълумотлар берилди. 
Зилола ОМОНОВА.