Охирги янгиликлар

Ҳуқуқбузарлик барвақт аниқланса жиноятчилик камаяди Сиёсат

Иштихон туманида маҳаллаларда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш механизмларига бағишланган ўқув-семинар ўтказилди. 
Унда Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат маслаҳатчиси ўринбосари О.Собиров, Президент девони шўъба мудири Н.Норматов, вилоят ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси М.ўафурова, туман ҳокимлиги вакиллари, ички ишлар идоралари ходимлари, маҳаллалар фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича кенгашларнинг ижро аппарати ходимлари, фуқаролар йиғини раислари, маҳалла маслаҳатчилари, котиблар, профилактика инспекторлари, "Маҳалла посбони" жамоатчилик тузилмаси вакиллари иштирок этди. 

Семинарда мамлакатимизда маҳалла институти фаолиятини янада такомиллаштириш, унинг жамият ҳаётидаги ўрни, вазифа ва ваколатлари доирасини кенгайтириш борасида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар юксак самаралар бераётгани таъкидланди. Шунингдек, эндиликда маҳаллаларда махсус рўйхатга киритилган оилалардаги муҳитни соғломлаштириш, муаммоларни ҳал этиш мақсадида уларга жамоатчилик тузилмалари бириктирилади. Жумладан, "Қайноналар кенгаши", яраштириш ва хотин-қизлар билан ишлаш комиссиялари маҳаллалардаги нотинч оилалар, ажрашишга ариза берганлар, жиноят содир этган хотин-қизларни маънавий соғломлаштириш масалалари билан шуғулланади. Бандлиги таъминланмаган фуқаролар, уй-жойга муҳтожлар ҳамда уюшмаган ёшлар ишлаш билан маҳалла раиси ва унинг ёшлар бўйича ўринбосари, вояга етмаганлар, ёшлар ва спорт масалалари бўйича комиссия раисларининг зиммасида бўлади. 

– Семинарда маҳаллаларда "Бир болага етти маҳалла ота-она" мақолининг аҳамиятини ошириш билан бирга, "Ўз болангни ўзинг асра!" деган даъватни амалий ҳаракатга айлантириш, бунинг учун маҳаллалар фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича кенгашлар ижро аппаратларининг ролини кучайтириш, фуқаролар йиғинлари кенгашлари ишини самарали ташкил этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратяпмиз, – дейди Президент девони шўъба мудири Н.Норматов. – Бу эса маҳаллаларда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг эрта аниқланиши ва мувофиқлаштирувчи кенгашларнинг ҳамжиҳатликдаги амалий ҳаракатига олиб келади. Шулардан хулоса қилиб, маҳаллаларда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлашга қаратилган чора-тадбирларни амалга оширишда фуқаролар йиғинлари ва улардаги жамоатчилик тузилмалари ишини жонлантириш, профилактика инспекторлари билан ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш лозимлигини тушунтиряпмиз.   

Шунингдек, семинарда маҳаллаларда содир этилаётган ҳуқуқбузарликларни бартараф этишда жамоат ташкилотлари ва профилактика инспекторлари билан ҳамкорликни кучайтириш лозимлиги таъкидланди. 
Семинарда аҳолининг ҳуқуқий маданиятини ошириш мақсадида ҳафтанинг жума кунлари маҳаллаларда "Маънавият соатлари" ва "Ҳуқуқий билимлар" ўқув машғулотларини ўтказиб бориш тавсия этилди. 
Ўктам ХУДОЙБЕРДИЕВ.