Охирги янгиликлар

ЯГОНА МАКОН, ЯГОНА ТАҚДИР Сиёсат

Самарқанд анжумани нафақат Марказий Осиё, балки дунё жамоатчилигини манфаатли ҳамкорликка, самимий мулоқотга чорлади
 
Ўзбекистон Республикаси ташқи сиёсатининг асосини Марказий Осиё давлатлари билан дўстона ва ўзаро ҳурмат, ишончли иқтисодий тизим, қадимий маданий алоқаларни янада мустаҳкамлаш масалалари ташкил этмоқда. Қадимдан қўшничилик, ўзаро ҳурмат ва ишонч   ришталарининг янада мустаҳкамланишига қаратилган бу сиёсат бугун дунё ҳамжамияти томонидан эътироф этилмоқда.
Бу Самарқандда жорий йилнинг 10-11 ноябрь кунлари Бирлашган Миллатлар Ташкилоти шафелигида ўтказилган "Марказий Осиё: ягона тарих ва умумий келажак, барқарор ривожланиш ва тараққиёт йўлидаги ҳамкорлик" мавзусидаги халқаро конференцияда ўз исботини топди.
Ўзбекистоннинг дунё ҳамжамиятидаги салоҳиятини янада мустаҳкамлашга қаратилган ушбу муҳим қадам Президентимиз томонидан илгари сурилган мамлакатимизни ривожлантиришнинг 2017-2021 йилларга мўлжалланган Ҳаракатлар стратегиясида ўз аксини топганди. Мазкур стратегик ҳаракатнинг бешинчи бобида юртимиз ва Марказий Осиёдаги тарихий-маданий тараққиёт жараёнлари ташқи сиёсий фаолиятимизнинг устувор йўналиши сифатида белгиланган.

Кейинчалик 2017 йилнинг сентябрида давлатимиз раҳбари Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида сўзлаган нутқида Марказий Осиёни осойишталик, барқарор тараққиёт ва яхши қўшничилик ҳудудига айлантириш масаласини ўртага ташлади. Юртбошимиз биргаликдаги саъй-ҳаракатлар самарасида минтақада сиёсий ишонч сезиларли даражада ошгани, кўплаб масалалар бўйича принципиал жиҳатдан муҳим ечимлар топилаётганини жаҳон минбарида туриб эътироф этди.
Шу жиҳатдан Самарқандда ташкил этилган анжуман минтақалараро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, нафақат Марказий Осиё, балки дунё мамлакатлари манфаатларига хизмат қилгани билан аҳамиятли бўлди.

Анжуманда Марказий Осиё давлатлари ўртасида сиёсий, савдо-иқтисодий, сармоявий, транспорт-коммуникация, сув-энергетика, экология ва маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорлик суръатини оширишнинг аниқ йўналишлари шунингдек, замонавий хатар ва таҳдидларга қарши биргаликда курашиш масалаларига доир 70 дан зиёд маърузалар тингланди.
Жумладан, маърузаларда билдирилган фикрларга эътибор қаратинг:
"Ички тараққиёт ва якдиллик, қўшнилар билан янги сифат муносабатлар мустақилликни мустаҳкамлайдиган муҳим восита";
"Тарихнинг катта қисми давомида чет мамлакатлар Марказий Осиёга фақат таъсир кўрсатиш ҳамда рақобат объекти сифатида қараб келишди. Ҳозир минтақа давлатлари ўз муаммоларини маслаҳатлашувлар асосида ўзлари ҳал эта олишлари мумкинлигини тушуниш вақти етди"; 
"Ўзбекистоннинг фаол дипломатияси туфайли минтақа даражасидаги ҳамкорлик кучли қўшимча турткига эга бўлди. Давлатларимиз ташқаридан қандайдир "воситачилар"ни жалб этмасдан туриб, ўз муаммоларини ўзлари ҳал қилмоғи лозим".

"Бугун дунёдаги ҳеч бир давлат ўз муаммоларини ёлғиз ўзи ҳал эта олмайди. Аввало, қўшни давлатлар билан дўстона алоқаларни йўлга қўйиш, минтақа манфаатларидан келиб чиқибгина халқаро муносабатларга киришиш мумкин".
Шу фикрларнинг ўзиёқ Ўзбекистон Республикаси томонидан Марказий Осиё давлатлари билан муносабатларнинг яхшиланиши, ривожланиши ва истиқболларига қаратилган амалий тадбирларнинг халқаро ҳамжамият, қолаверса, республикамиз аҳолиси томонидан қизғин маъқулланаётганлигига исбот бўлади.

Анжуманда Марказий Осиёнинг сиёсий, савдо-сотиқ, транспорт инфратузилмаси, сув-энергетика, экология ва маданий алоқаларни юксалтиришга қаратилган масалалар ва уларнинг ҳал этилиш йўлларига бағишланган муҳим қарорлар, таклифлар муҳокама этилди. Минтақа давлатларининг ҳудудда осойишталикни таъминлаш, наркотрафик, одам савдоси ва бошқа глобал муаммоларга қарши курашиш борасидаги қарашлари муштарак эканлиги қайд қилинди. Анжуманда муҳокама қилинган масалалар, билдирилган таклиф ва ташаббуслар келгуси мулоқотларга асос бўлиши, Марказий Осиё халқларини бирлаштириш, минтақада иқтисодий ривожланган макон яратиш, ишонч ва ҳамкорлик асосий омил эканлиги ўз тасдиғини топди.
Бахтиёр ЭРГАШЕВ,
СамДУ доценти.



Reklama huquqi asosida