Охирги янгиликлар

МУСТАҚИЛ ЎЗБЕК ДАВЛАТЧИЛИГИНИНГ ҲУҚУҚИЙ ПОЙДЕВОРИ Сиёсат

Давлат суверенитетини эълон қилган, ўзини жаҳон ҳамжамиятининг тенг ҳуқуқли субъекти деб ҳисоблаган ҳар қандай давлат, аввало, ўз   мустақиллигини конституциявий асосда мустаҳкамлаб қўяди. Ўзбекистон Республикаси ҳам суверенитетга эришгач, барча тараққийпарвар давлатлар каби ўзининг мустақил давлат мақомини конституциявий асосда мустаҳкамлашга киришди.

Янги Конституцияда ёш давлатимизнинг мақсади, инсон ҳуқуқларига, демократия ва ижтимоий адолатга содиқлиги мустаҳкамлаб қўйилиши керак эди. Шу билан бирга, у ўзбек давлатчилиги тарихий тажрибасини ҳисобга олиши, халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган меъёрларига таяниши, фуқаролар учун муносиб ҳаётни таъминлашга асос бўлиши, барқарор бозор иқтисодига асосланган демократик давлат, фаровон жамият учун ҳуқуқий пойдевор яратиши керак эди. Шундай бўлди ҳам.

1992 йилнинг 8 декабрида халқаро ҳуқуқ нормалари ва андазалари талабларига жавоб берадиган замонавий Конституция қабул қилинди ва мамлакатимизда демократик-ҳуқуқий давлат қуриш ва эркин фуқаролик жамиятини шакллантириш сари қатъий қадам қўйилди.
Конституция лойиҳаси икки ярим ой мобайнида оммавий ахборот воситаларида, фаоллар йиғилишларида, минг-минглаб меҳнат жамоаларида чуқур ва атрофлича муҳокама қилинди. 

Умумхалқ муҳокамаси давомида лойиҳани яхшилашга доир 6 мингдан ортиқ таклиф ва мулоҳазалар келиб тушган. Натижада 60 дан ортиқ моддага аниқлик ва тузатишлар киритилиб, бир неча янги моддалар қўшилган. 
Мазкур тарихий факт Конституциямизнинг нақадар халқчил эканлиги, унинг демократик тамойиллар асосида ҳамда мамлакат фуқароларининг таклифлари инобатга олинган ҳолда қабул қилинганлигидан яққол далолатдир.

Мустақил Ўзбекистон Конституцияси ўзининг тузилиши, йўналиши, мазмуни жиҳатидан мустақиллик ғояси билан тўлиқ суғорилган ҳамда жаҳон ҳамжамиятининг инсон ҳуқуқ эркинликларини таъминлаш соҳасидаги ютуқларига, демократик қадриятларга таянилган. Шу билан бирга, халқимизнинг тарихий анъана ва қадриятларини ҳам ўзида акс эттира олган.
Бир сўз билан айтганда, 1990 йил 20 июнда эълон қилинган "Мустақиллик декларацияси" ҳамда 1991 йил 31 августда қабул қилинган "Ўзбекистон Республикасининг Давлат мустақиллиги асослари тўғрисида"ги қонун талабларини ўзида тўлиқ акс эттирган Конституциямизда инсон ҳаёти ва эркинлиги, шаъни, қадр-қимматининг олий қадрият эканлиги ҳақидаги халқимизнинг тарихий орзу-умидлари мустаҳкамлаб қўйилди.
Агар эътибор берадиган бўлсак, Асосий қонунимизнинг муқаддимасида санаб ўтилган устувор меъёрлар Ўзбекистон халқи, ҳар бир фуқароси ҳаётининг маъноси, мақсади қай даражада улуғвор ва эзгу эканлигини бутун жаҳонга маълум қилади.
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган кун – 8 декабрь умумхалқ байрами саналади ва алоҳида тантана қилинади. Айнан мана шу сана барчамизни дам олиш ҳуқуқи билан таъминлайди.
Бугун қабул қилинганининг 25 йиллиги нишонланаётган Асосий қонунимизнинг жаҳон андазаларига мос келиши, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг муҳим ҳуқуқий нормаларини ўзида мужассам этганлиги халқаро жамоатчилик томонидан ҳам эътироф этилмоқда. Унинг нормалари кундалик ҳаётимизда тўлиқ намоён бўлмоқда.

Конституцияда қонун устуворлиги, унинг барча фуқаролар учун тенглиги, давлат ҳокимияти қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимиятига бўлинишининг ҳуқуқий принципи белгилаб қўйилгани боис уларнинг мустақил ҳокимият тармоғи сифатида янада такомиллашуви, демократик давлатнинг асосий шарти бўлган ҳокимиятлар ўртасида ўзаро тийиб туриш ва манфаатлар мувозанатининг сақлаш механизмининг самарали шакллантирилиши борасида салмоқли қадамлар ташланмоқда.
Конституция принциплари асосида чинакам профессионал парламентнинг шакллантирилиши қонун ижодкорлиги фаолиятини сифат жиҳатидан юқори поғонага кўтарди. Қонун чиқарувчи ҳокимият тубдан ислоҳ қилинди. Асосан халқ депутатлари маҳаллий кенгашлари вакилларидан ташкил топган юқори палата – Сенат ҳудудлар манфаатларини ифода этмоқда, қуйи – Қонунчилик палатаси эса ўз фаолиятини доимий профессионал асосда амалга оширяпти.

Конституция бошқа жорий қонунлардан бирмунча жиҳатлари билан фарқ қилади. Унда энг асосий, энг барқарор ижтимоий муносабатлар, узоқ даврларга мўлжалланган қатъий қоидалар мустаҳкамланади ва бу қоидалар бевосита амал қилиб, бошқа қонун ҳужжатларида очиб берилади ҳамда аниқлаштирилади. Конституцияда мавжуд бўлган қоидалар негизида бошқа қонунлар ва меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар ишлаб чиқилади, қабул қилинади. Бундай ҳолатларда барча жорий қонунларнинг ҳуқуқий асоси, бош манбаи Конституция бўлиб қолаверади. Қабул қилинаётган ва жорий қонунлар, меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларнинг барчаси унга мувофиқ келиши лозим. Конституциянинг асосий қонун сифатидаги аҳамияти, обрў-эътибори, барқарорлиги оддий қонунлардан шу жиҳатлари билан фарқ қилади.

Халқимизнинг ушбу муҳокамалардаги фаол иштироки ўз тақдирига бефарқ эмаслигини, келажакда қандай давлат ва жамият барпо этиш истаги борлигини яна бир бор кўрсатди. Барча аҳоли қатламлари вакиллари маълум даражада ўз муносабатини билдириб, Конституциямизнинг мукаммал ҳужжат бўлишига ҳисса қўшишди.
Конституцияни ўрганиш, уни англаб етиш, аввало, инсонга ўз ҳуқуқларини танитади. Ҳуқуқини таниган ҳар бир инсон ўз ҳуқуқи ва эркинлигини қандай ҳимоя қилишни ҳам яхши билади. Бундай пайтларда у бузилган ҳақ-ҳуқуқини тиклаш ёки ўз ҳуқуқларидан фойдаланиш мақсадида тегишли муассасаларга мурожаат қила олади. 

Шуни ҳам айтиб ўтиш ўринлики, бугун юртдошларимизнинг онги, дунёқараши бундан ўн-ўн беш йил аввалгидан кескин фарқ қилади. Аксарият фуқаролар ҳуқуқи, қонуний манфаатлари бузилган ҳолатларда тегишли органларга мурожаат этишмоқда. Бу халқимизнинг ҳуқуқий онги ва маданиятининг йил сайин ортиб бораётганидан далолат беради.
Ҳужжат Ўзбекистон Конституциясининг ҳаётдаги ўрни ва аҳамиятини кенг тарғиб этиш, фуқаролар, айниқса, ёшлар қалбида қонунга ҳурмат, Ватанга меҳр ва садоқат туйғусини кучайтириш, уларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини оширишга хизмат қилади.
Б.ЮСУПОВ,
вилоят прокурорининг биринчи ўринбосари,
адлия маслаҳатчиси.


Reklama huquqi asosida