Охирги янгиликлар

ҲАР КИМ ЎЗ ВАЗИФАСИ УЧУН ЖАВОБ БЕРАДИ Сиёсат

18 ноябрь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти, туман ва шаҳарлар Кенгашларининг қўшма мажлиси ҳамда вилоят Кенгашининг қирқ тўртинчи сессияси бўлиб ўтди. 
Видеоселектор тарзида ўтказилган мажлисни вилоят Кенгаши раиси, вилоят ҳокими Т.Жўраев  бошқарди.

Йиғилишда депутатлар билан бирга туман, шаҳар ҳокимлари ва уларнинг ўринбосарлари, ҳуқуқ-тартибот идоралари, давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари, сиёсий партиялар вилоят кенгашлари раислари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ходимлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.

Қўшма мажлисда Президентимиз Ш.Мирзиёевнинг ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш борасидаги ҳамкорлик, бу борада амалга оширилган ишлар ва келгусидаги устувор вазифалар тўғрисида 2017 йил 15 ноябрь куни ўтказилган видеоселектор йиғилишидаги маърузасидан келиб чиқадиган вазифаларни бажариш ҳақидаги масала кўриб чиқилди.
Таъкидландики, видеоселектор йиғилишида Президентимиз жамиятда тинчлик ва барқарорликни, халқимизнинг осойишталигини таъминлаш билан боғлиқ долзарб масала ҳақида гапириб, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш, бу борада профилактика тадбирларини кучайтириш юзасидан олиб борилаётган ишларни танқидий таҳлил этиб, муҳим вазифаларни белгилаб берди. 

Жумладан, Самарқанд вилоятида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва ҳокимият органлари ҳамда бошқа мутасадди идоралар томонидан жиноятчиликка қарши курашиш, унинг олдини олиш борасида бир мунча ишлар амалга оширилиб, жорий йилнинг ўн ойида умумий жиноятчилик (6068 та) ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 90 та (1,5 фоиз)га камайган бўлса-да, оғир ва ўта оғир жиноятлар, қасддан одам ўлдириш, ўғрилик, талончилик, фирибгарлик кўпайганлиги қайд этилди. Бу криминоген вазиятни издан чиқарувчи ва аҳолини ваҳимага солувчи ушбу турдаги жиноятларга қарши курашиш ишлари етарли самара бермаганлигини кўрсатмоқда.

Жиноят содир этган 6697 нафар фуқаронинг 127 нафари вояга етмаганлар, 780 нафари аёллар, 1550 нафари ўқимайдиган ва ишламайдиган шахслар экани аҳоли ўртасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва профилактика қилиш, бандлик масалаларида ҳуқуқ-тартибот идоралари билан бирга бошқа давлат ва жамоат ташкилотларининг ҳамкорликдаги фаолияти талаб даражасида эмаслигидан далолатдир.
Хусусан, "Маҳалла" хайрия жамоат фонди вилоят бўлими ва ўзини ўзи бошқариш органлари жиноятчиликка қарши курашиш борасидаги фаолиятга етарли жалб этилмаяпти, уларнинг имкониятларидан самарали фойдаланилмаяпти. Оқибатда йил бошидан буён вилоятда мавжуд 1089 та маҳалланинг 996 тасида турли хил жиноятлар содир этилган. Бу жиноятларнинг аксарияти фирибгарлик, ўғрилик, қасддан баданга оғир ва ўртача оғирликда шикаст етказиш билан боғлиқ.

Афсуски, ушбу нохуш ҳолатлар маҳаллаларда муҳокама этилиб, зарур чора-тадбирлар белгиланмаган. Маҳалла маслаҳатчиси, посбон, жамоатчилик комиссиялари ва профилактика инспекторларининг бу борадаги фаолияти талабга жавоб бермайди. Шунингдек, вилоятдаги академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари томонидан содир этилган 58 та жиноятни келтириб чиқарган сабаблар ва унинг оқибатлари маҳалла фуқаролар йиғинлари билан ҳамкорликда ўрганилмаган.

Ёшлар иттифоқи вилоят кенгашининг ёшлар ўртасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликнинг олдини олишга кўмаклашиш борасидаги фаолиятидан ҳам самарали фойдаланилмаётганлиги оқибатида вилоятда 18 ёшдан 30 ёшгача бўлган 1676 нафар ёшлар томонидан жиноятлар содир этилган. 
Хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва улар ўртасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш вилоятда криминоген вазиятни барқарор сақлашда муҳим аҳамият касб этади. Лекин таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, айрим хотин-қизлар қўмиталари, маҳалла фуқаролар йиғинлари, ёшлар иттифоқи маҳаллий кенгашлари томонидан хотин-қизлар ўртасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга қаратилган ишлар талаб даражасида олиб борилмаган.

Маҳаллий ҳокимликлар, ички ишлар идоралари, прокуратура ҳамда мутасадди идоралар томонидан фуқароларнинг ўз жонига қасд ва суиқасд қилишининг олдини олиш борасида аҳоли ўртасида тушунтириш ва тарғибот тадбирларининг лозим даражада олиб борилмаётганлиги оқибатида йил бошидан буён 359 та шундай ҳолат юзага келган. Бунинг оқибатида 169 нафар шахс ҳаётдан кўз юмган.
Қўшма мажлисда иштирок этган Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси О.Муродов, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири П.Бобожонов вилоят ҳудудида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш, унинг профилактикаси борасида ҳуқуқ-тартибот идоралари билан бирга маҳаллий ҳокимликлар, давлат ва жамоат ташкилотлари томонидан ҳам жиддий камчиликларга йўл қўйилганини қайд этди. Президентимиз томонидан билдирилган танқидий фикрлардан келиб чиқиб, аввало, ҳар бир оила, маҳаллада тинчлик-осойишталикни таъминлашга алоҳида эътибор қаратиш, бу борада маҳалла фуқаролар йиғинлари, хотин-қизлар қўмиталари, "Нуроний" жамғармаси ва ёшлар иттифоқи билан ҳамкорликни кучайтириш лозимлиги таъкидланди. Секторлар раҳбарлари ўз ҳудудларини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш баробарида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга ҳам масъуллиги эслатиб ўтилди. 

Мажлисда вилоят прокурори Ф.Зуфаров, вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Ф.Хасанов, "Маҳалла" хайрия жамоат фонди вилоят бўлими бошқаруви раиси М.Бобоёров, вилоят ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси М.Fафурова, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши раиси Р.Қобилов ва бошқалар кун тартибидаги масала юзасидан ахборот бериб, қайд этилган камчиликларни бартараф этиш, Президентимиз томонидан қўйилган вазифаларни сўзсиз бажариш бўйича зарур чора-тадбирлар белгиланишини маълум қилди.
Вилоят Кенгаши сессиясида полковник Азиз Анварович Тошпўлатов Самарқанд вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи этиб тасдиқланди. 
Мажлисда муҳокама этилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди. 


Reklama huquqi asosida