Охирги янгиликлар

КОНСТИТУЦИЯ – ОДИЛ СУДЛОВ КАФОЛАТИ Сиёсат

Суд ҳокимияти давлат органлари тизимида  алоҳида ўринга эга. Зеро, мустақил суд ҳокимияти фуқаролар конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатлайди. Шу боис мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимини ривожлантиришга қаратилган саъй-ҳаракатлар изчиллик билан давом эттирилмоқда.
Президентимиз ташаббуси билан ишлаб чиқилган Ҳаракатлар стратегияси соҳада ислоҳотларни янги босқичга кўтарди. Мазкур ҳужжатнинг иккинчи йўналишида қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилишга йўналтирилган суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатини мустаҳкамлаш, маъмурий, жиноят, фуқаролик ва хўжалик қонунчилигини, жиноятчиликка қарши кураш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш тизими самарасини ошириш, юридик ёрдам ва ҳуқуқий хизматлар сифатини тубдан яхшилаш асосий вазифалардан қилиб белгиланган.

Ушбу йўналишдаги устувор вазифалар амалга оширилиб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонига асосан фуқаролик, жиноий, маъмурий ва иқтисодий суд иш юритуви соҳасида суд ҳокимиятининг ягона олий органи – Ўзбекистон Республикаси Олий суди ташкил қилинди. Судлар томонидан жиноят ишларини қўшимча терговга қайтаришдек одил судловнинг мазмун-моҳиятига мутлақо тўғри келмайдиган амалиётга чек қўйилди. 
Судьяликка номзодларни танлаш ва лавозимга тайинлаш тартиби тубдан такомиллаштирилиб, судьялар ҳамжамиятининг янги органи – Судьялар олий кенгаши таъсис этилди.

Бу ўзгаришлар, биринчи навбатда, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кенгайтириш, судларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш, уларнинг одил судловга эришиш даражасини оширишда муҳим ўрин тутади. Чунки қонун устуворлиги принципи амалга оширилишида, қонун ҳужжатлари давлат органлари мансабдор шахслари томонидан ўзбошимчалик билан талқин этилиши ҳамда қўлланилишидан фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилишда муҳим кафолат бўлиб хизмат қилади.

Асосий қонунимизга конституциявий судни шакллантиришнинг демократик механизмини жорий қилишга доир ўзгартириш ва қўшимчалар киритилгани айни муддао бўлди.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 108 ва 109-моддаларига ўзгартишлар киритилди. Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдимига биноан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати томонидан Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши тавсия этган сиёсат ва ҳуқуқ соҳасидаги мутахассислар орасидан, Қорақалпоғистон Республикасининг вакилини қўшган ҳолда сайланади.
Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди ўз таркибидан Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг раисини ва унинг ўринбосарини сайлайди.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан имзолангунга қадар Ўзбекистон Республикаси конституциявий қонунларининг, Ўзбекистон Республикаси xалқаро шартномаларини ратификация қилиш тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси қонунларининг Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқлигини аниқлайди.

Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг мустақиллигини мустаҳкамлаш мақсадида "Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида"ги конституциявий қонуннинг қабул қилингани ҳам юртимиз суд тизимидаги тарихий воқеа бўлди. Янги конституциявий қонун асосида ҳаётга татбиқ этилаётган нормалар давлатимиз суд-ҳуқуқ тизимида кечаётган демократик ислоҳотлар билан узвий боғлиқдир.
Конституциявий суд фаолиятида Бош Қомусимиз устунлигини, қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимиятнинг ҳужжатларида инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари устуворлигига доир конституциявий принципнинг ҳамда бошқа нормалари рўёбга чиқарилишини таъминлаш муҳим ўрин тутади. Жумладан, ҳуқуқ устуворлиги принципига биноан, конституциявий суд ўз фаолиятида ҳуқуқ ва умуминсоний принципларга асосланадиган демократик ғояларга амал қилади, уларга кўра, инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати олий қадрият ҳисобланади.

Қаҳрамон ЎЛЖАЕВ,
Ўзбекистон Республикаси Конституциявий
суди судьяси.


Reklama huquqi asosida