Охирги янгиликлар

КОНСТИТУЦИЯНИНГ ИЛК ЛОЙИҲАСИ МУРАККАБ ЖАРАЁН ВА ТАРИХИЙ ВОҚЕЛИК ЭДИ Сиёсат

Бош Қомусимиз мамлакатимизнинг бугуни ва келажаги учун ҳуқуқий кафолатдир. Ушбу ҳужжатнинг тайёрланиши мураккаб бир жараённи ўз ичига олади. 
Конституцияни яратиш тарихига назар ташлайдиган бўлсак, унинг ғояси 1990 йил 24 мартда ўн иккинчи чақириқ Ўзбекистон ССР Олий Советининг биринчи сессиясида ўртага ташланган эди. 1990 йил 20 июнда Олий Советнинг XII чақириқ II сессиясида Мустақиллик Декларацияси қабул қилинди ва унинг тамойиллари асосида давлатимизнинг янги Конституциясини ишлаб чиқиш учун республикамизнинг Биринчи Президенти Ислом Каримов раислигида Олий Мажлис депутатлари, давлат ва жамият арбоблари, мутахассислардан иборат Конституциявий комиссия тузилди. Шу кундан эътиборан Конституция лойиҳасини яратиш борасида ишлар бошланди. 

Конституциявий комиссиянинг биринчи мажлиси 1991 йил 21 апрелда И.Каримов раислигида бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси лойиҳасини ишлаб чиқувчи ишчи гуруҳ ва кичик гуруҳлар ташкил этилди. Конституциявий комиссиянинг 1991 йилги иш режаси тасдиқланди. Конституция бўлимларининг номлари аниқланди ва бўлимлар бўйича ишчи гуруҳларнинг раҳбарлари тасдиқланди, гуруҳ аъзолари ўртасида вазифалар тақсимланди. Лойиҳанинг мўлжал этилаётган VI бўлими, унинг номлари, гуруҳ аъзолари аниқланди. 

Шу ўринда Конституция лойиҳасининг ўзим бевосита иштирок этган "Фуқаролик жамияти" бўлимининг тайёрланиш жараёнига тўхталиб ўтмоқчиман. Бизнинг гуруҳ Президентнинг Давлат маслаҳатчиси академик Ҳожиакбар Раҳмонқулов раҳбарлигида иш бошлади. Ишчи гуруҳимиз аъзолари Конституция лойиҳаси пухта бўлиши учун ҳар бир моддани ишлаб чиқишда соҳа билан боғлиқ бўлган олимларни, тажрибали мутахассисларни жалб этиш, улар билан маслаҳатлашиш, ривожланган мамлакатлар тажрибасини ўрганиб, ўз фикрларимизни билдиришга келишиб олдик. 

1991 йил 7 май куни гуруҳимиз йиғилишида менга республикамизда мулкчилик, тадбиркорлик муносабатларини тартибга солиш тўғрисидаги моддаларни ишлаб чиқиш топширилди. 1991 йилнинг ноябрь ойида Конституция лойиҳасининг 158 моддадан иборат биринчи варианти тайёр бўлди. И.Каримов лойиҳанинг бу варианти билан танишиб чиқиб, унга мазмунан, шакли ва таҳрири жиҳатидан жиддий ўзгартиришлар киритди.
Лойиҳанинг иккинчи варианти 149 моддадан ташкил топди. Давлат раҳбарининг кўрсатмаси ва шахсан таҳрири билан лойиҳанинг учинчи варианти 137 моддадан ташкил топди. Матбуотда эълон қилиш олдидан Конституциявий комиссия томонидан лойиҳа яна бир бор муҳокамадан ўтказилди ва 128 моддага келтирилди. 

1992 йил 2 июлда Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши Конституциявий комиссияси Ўзбекистон Республикасининг янги Конституция лойиҳаси бўйича ишларни ниҳоясига етказиб, уни умумхалқ муҳокамасига қўйиш бўйича қарор қабул қилди.
Конституция лойиҳаси матбуотда икки бор эълон қилинди ва умумхалқ муҳокамасидан ўтказилди. Муҳокамада олий ўқув юртларининг профессор-ўқитувчилари, талабалар, илмий тадқиқот институтлари ходимлари, ўрта махсус билим юрти ўқитувчилари, мактаб ўқитувчилари, корхоналар ишчилари, маҳалла фуқаролари ҳам иштирок этдилар. 

Бу жараёнда самарқандлик зиёлиларнинг ҳам хизматлари беқиёс бўлди. Жумладан, СамДУ профессорлари Карим Саидов, Эрнест Алиқулов, СамИСИ профессорлари Жаҳонгир Зайналов, Мурод Муҳаммедов, Мамаюнус Пардаев бозор иқтисодиётига ўтиш шароитида аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш, рақобатбардош иқтисодиётни шакллантириш, молия-банк тизимини такомиллаштириш борасида ўз таклифларини юбордилар. 
Муҳокама жараёнида самарқандлик ҳуқуқшунослар Алишер Мардиев, Бўритош Мустафоев, Ҳайдар Исломов ҳам фаол қатнашди.

Буюк маърифатпарвар Сайид Ризо Ализоданинг набираси Фарҳод Ализода Ўзбекистон Республикаси Конституциявий комиссияси раисига бобоси томонидан 1905 йилда ёзилган "Низомнома" асарининг сақлаб қолинган 16 моддасини тақдим этди. Бу асар мусулмон урф-одатлари, шариат қонунлари тўпламини ўз ичига олган. Сайид Ризо Ализода томонидан ёзилган ва Лаҳорда чоп этилган икки жилддан иборат "Ислом тарихи" китобининг асосий қоидаларидан Покистон Ислом университетининг ректори, профессор Аль-Раҳмон таъкидлаганларидек, 1950 йилда Покистон Ислом Республикаси Конституцияси яратилишида фойдаланилган экан.
Муҳокама жараёнида келган таклифлар, мулоҳазалар ва фикрларни инобатга олиб, конституция лойиҳасига 80 га яқин ўзгартириш, қўшимча ва янгиликлар киритилди. 

Бизнинг ишчи гуруҳ томонидан тайёрланган конституция лойиҳасининг учинчи бўлимига ҳам қатор ўзгартиришлар киритилди. Дастлаб "Фуқаролик жамияти" деб номланган учинчи бўлим "Жамият ва шахс" деган ном билан ўзгартирилди. Бу бўлимда фуқаролик жамиятининг тузилиши ва шахс фаолиятининг асосий белгиловчи қоидаларидан ташкил топган боблар назарда тутилди. 
Шундай қилиб, 1992 йил 8 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши томонидан мустақил Ўзбекистоннинг биринчи Конституцияси қабул қилинди. 
Ушбу оламшумул воқеа юртимиз тарихида мангу сақланиб қолди. Олти бўлим, йигирма олти бобдан иборат, 128 та моддани ўз ичига олган Асосий Қомусимиз мана 25 йилдирки, Ватанимиз тараққиёти йўлида мустаҳкам ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилиб келмоқда.

Эркин ХЎЖАЕВ, 
СамИСИ профессори,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган иқтисодчи. 


Reklama huquqi asosida