Охирги янгиликлар

ИЛЛАТГА ҚАРШИ КУРАШИШ КУЧАЯДИ Сиёсат

Коррупция мамлакат иқтисодиёти, халқ фаровонлигига жиддий зарар етказувчи салбий иллат ҳисобланади. Бу иллатга қарши дунёдаги барча давлатларда мунтазам кураш олиб борилмоқда.
2017 йил 4 январдан Ўзбекистон Республикасининг "Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида"ги қонуни кучга кирди. Мазкур Қонун коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги ҳуқуқий муносабатларни тартибга солишда муҳим асос яратди. Бу давлат органлари, ташкилотлар ва фуқаролик жамияти институтлари томонидан амалга оширилаётган коррупцияга қарши чора-тадбирлар самарадорлигини оширишга хизмат қилади. Жамият ҳаётининг барча соҳаларида коррупциянинг намоён бўлишига йўл қўймаслик фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш орқали жамиятда коррупциянинг барча шаклларига нисбатан муросасиз муносабат қарор топади.

Аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналиши ҳисобланади.
Қонунда коррупцияга қарши курашувчи ваколатли органлар тизими келтирилган ва уларнинг бу жараёнда амалга оширадиган ишлари аниқлаштирилган. Мисол учун, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ўз ваколатлари доирасида коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги давлат дастурларини ва бошқа дастурларни ишлаб чиқиш ҳамда амлага оширишда иштирок этади. Коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг аниқ ва бир хилда ижро этилиши устидан назоратни амалга оширади. Коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги тезкор-қидирув фаолиятини, суриштирувни, дастлабки терговни амалга оширади. Шунингдек, ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга оширувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштиради.

Қонундаги эътиборли жиҳатлардан яна бири, коррупцияга қарши курашиш соҳасида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари ва фуқароларнинг иштирок этиш механизмлари белгиланганидир. Зеро, бу институтлар жамиятда жамоатчилик назоратининг қарор топиши, адолат мувозанатининг таъминланишида ўзига хос ўрин тутиб келмоқда. Уларнинг жамият ривожига салбий таъсир кўрсатувчи коррупция иллатига қарши курашишда иштирок этиши шу йўналишдаги фаолият самарадорлиги ошишига хизмат қилади.
Коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик содир этган шахслар суднинг қарорига кўра баъзи ҳуқуқлардан, шу жумладан, муайян лавозимларни эгаллаш ҳуқуқидан маҳрум этилиши мумкин. Юридик шахслар ҳам коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни содир этганлик учун қонунда белгиланган тартибда жавобгар бўлади.
Акром ПАРДАЕВ,
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси
ҳузуридаги олий ўқув курси тингловчиси.


Reklama huquqi asosida