Охирги янгиликлар

БОШ МЕЗОН – ИНСОНПАРВАРЛИК Сиёсат

Ўзбекистон Президентининг 2016 йил 21 октябрдаги "Суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида" ҳамда 2017 йил 21 февралдаги "Ўзбекистон Республикаси суд тизими тузилмасини тубдан такомиллаштириш ва фаолияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармонлари мамлакатимиз суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган ислоҳотларда янги даврни бошлаб берди.

Мазкур ҳужжатлар суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш, одил судловга эришиш даражасини ошириш каби мақсадларга қаратилган бир қатор ўзгаришлар билан аҳамиятли бўлди. 
Жумладан, судьялик лавозимига биринчи маротаба беш йил муддатга ва кейин ўн йил муддатга, шундан сўнг муддатсиз тайинлаш (сайлаш)ни назарда тутувчи тартиб жорий этилди. 
Қамоқ тарзидаги жиноий жазо тури тугатилиб, унинг ўрнига озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазонинг муқобил турларини қўллаш имконияти кенгайтирилди.

Жиноят содир этишда гумон қилинган шахсларни ушлаб туриш муддати 72 соатдан 48 соатга, қамоққа олиш ва уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чораларини қўллашнинг, шунингдек, жиноят ишлари бўйича дастлабки терговнинг энг кўп муддатлари 1 йилдан 7 ойга қисқартириладиган бўлди.
Суд томонидан жиноят ишини қўшимча терговга қайтариш институти бекор қилинди. 
Вилоят даражасидаги судлар томонидан фуқаролик ва жиноят ишларини назорат тартибида қайта кўриш бўйича бир-бирини такрорловчи инстанциялари тугатилди. 
Бу каби ўзгартишлар инсоннинг шахсий ҳуқуқ ва эркинликлари дахлсизлиги, улардан суд қарорисиз маҳрум этишга ёки уларни чеклаб қўйишга ҳеч ким ҳақли эмаслиги ҳақидаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ҳамда халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принцип ва нормаларига тўла мос келади. 

Мазкур фармонлар ва соҳадаги бошқа ўзгаришлар, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгилаб берилган вазифаларни рўёбга чиқаришга қаратилган принципиал қоидаларни ўзида мужассам этган "Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартишлар ва қўшимча киритиш тўғрисида"ги қонун қабул қилинди. 2017 йил 7 апрелдан кучга кирган қонунга кўра, Конституциямизнинг 80, 81, 83, 93, 107, 110, 112-моддаларига тегишли ўзгартишлар ва қўшимча киритилди. Суд ҳокимиятининг ягона олий органи сифатида Ўзбекистон Республикаси Олий суди ташкил этилди. Юртимизда илк бор маъмурий ва иқтисодий судлар фаолияти йўлга қўйилди. 
Э.ШАРИПОВ,
Каттақўрғон шаҳар 2-сон давлат
нотариал идораси нотариуси.


Reklama huquqi asosida