Охирги янгиликлар

БИЗ ҲАМ МАСЪУЛМИЗ Сиёсат

Бугунги кунда барчамиз юртимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг гувоҳи бўлмоқдамиз. Айниқса, жорий йилнинг "Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили" деб эълон қилиниши, мазкур йил давлат дустурига асосан амалга оширилаётган ишлар, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг қабул қилиниши мамлакатимиз тараққиётида тарихий ва муҳим қадам бўлди. 

Давлатимиз раҳбари барча соҳалар каби фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилишга ҳам алоҳида эътибор қаратмоқда. Шу йўналишда жорий йилнинг ўзида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси самарадорлигини ошириш мақсадида уч маротаба йиғилиш ўтказгани ҳам фикримизнинг тасдиғидир.

Жумладан, Президентимиз раислигида жорий йил 15 ноябрь куни ўтказилган видеоселектор йиғилиши мамлакатимизда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш юзасидан белгиланган вазифалар ижроси, мавжуд муаммолар ва уларни ҳал этиш масалаларига бағишланди. Унда давлатимиз раҳбари мамлакатимизда шу йилнинг ўтган 10 ойи мобайнида умумий жиноятлар сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 14 фоизга камайган бўлса-да, мазкур вазифаларни амалга оширишда ҳудудлардаги ишлар талаб даражасида эмаслиги, аёллар, ёшлар, мактаб ёшидаги болалар орасида ҳуқуқбузарликлар содир этилаётганлиги, ҳуқуқбузарликларнинг кўп қисми оилавий жанжаллардан келиб чиқаётганлигини алоҳида таъкидлади.

Йиғилишда ҳуқуқбузарликлар ва жиноятчилик республика миқёсида таҳлил этилганда вилоятимизда бу борада олиб борилаётган ишлар энг паст даражада эканлиги қайд этилди. Бу ҳолат вилоятимиздаги ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, давлат ва жамоат ташкилотлари, қолаверса, судларни ҳам масъулиятни янада чуқурроқ ҳис қилишга ундайди.

Шу ўринда биргина фуқаролик ишлари бўйича вилоят суди томонидан кўрилган ишларни таҳлил этадиган бўлсак, жорий йилнинг ўтган 10 ойи давомида 25 мингдан ортиқ фуқаролик иши ва 95 мингга яқин суд буйруғи қабул қилинган. Бундан ташқари, 5 минг 800 дан зиёд сайёр суд мажлислари ташкил этилган. Кўрилаётган фуқаролик ишларининг аксарияти оилавий низолар, нотинчлик ва келишмовчиликлардан иборат.
Ҳар бир суд мажлисида фуқароларнинг ҳуқуқий маданиятини янада ошириш мақсадида эълон қилинган ҳал қилув қарори тарафларга тушунтирилмоқда. Бу эса турли ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга хизмат   қилади.
М.ТОЖИБОЕВ,
фуқаролик ишлари бўйича вилоят суди раиси.


Reklama huquqi asosida