Охирги янгиликлар

ЖОМБОЙ ТУМАНИ КЕНГАШИНИНГ СЕССИЯСИ Сиёсат

30 ноябрь куни халқ депутатлари Жомбой тумани кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлди
Сессияда вилоят ҳокими Т.Жўраев иштирок этди ва туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг муҳим вазифалари хусусида маъруза қилди.
Таъкидландики, кейинги йилларда Жомбойда маҳсулот ишлаб чиқаришни кўпайтириш, ишчи ўринлари яратиш, аҳоли фаровонлигини ошириш бўйича мавжуд имкониятлардан етарлича фойдаланилмаяпти. Айниқса, томорқа даромадини кўпайтириш дастури ижроси бажарилмаяпти. Томорқаларда етиштирилган ҳосилни харид қилиш йўлга қўйилмаган. Натижада бозорда картошка ва бошқа айрим маҳсулотлар нархи ошмоқда.

– Туманда болаларни мактабгача тарбия муассасаларига жалб этиш 24 фоиз атрофида, – деди нотиқ. – Бу ҳолат давлатни ҳам, ота-оналарни ҳам қониқтирмайди. Негаки, туманда бу борада аниқ режа йўқ. Муҳтарам Президентимиз Ш.Мирзиёевнинг соҳага оид фармони асосида ҳар бир ҳудудда болалар боғчаларини қуриш, борларини таъмирлаш, қувватини ошириш дастури ишлаб чиқилиши зарур.

Сессияда ердан фойдаланишдаги ўзибўларчилик кескин танқид қилинди. Хусусан, алмашлаб экиш, ерни минерал ва маҳаллий ўғитларга тўйдириш эътибордан четда қолаётир. Бунинг устига, суғориладиган майдонларда ўзбошимчалик билан уй-жой қуриш ҳолатлари мавжуд.
Вилоят ҳокими ўз нутқида ёшлар тарбияси, жиноятчиликка қарши кураш, таълим сифатини ошириш борасида ҳам фойдаланилмаётган имкониятларни ишга солиш юзасидан мулоҳазалар билдирди. Секторлар ишида фаоллик ва ташаббускорлик етишмаётгани қайд этилиб, аҳоли билан мулоқот, уларнинг муаммоларига ечим топишда тўрт сектор фаолияти ҳам талаб даражасида эмаслиги танқид қилинди.

Сессияда ташкилий масала кўрилди. Ҳ.Бўриев ўз аризасига биноан Жомбой туман ҳокими вазифасидан озод этилди. Бу лавозимга вилоят ҳокими тавсиясига кўра, вилоят иқтисодиёт ва ҳудудларни комплекс ривожлантириш бош бошқармаси бошлиғи бўлиб ишлаган Умиджон Назаров тасдиқланди.


Reklama huquqi asosida