Охирги янгиликлар

ХАЛҚҚА МЕҲРИБОН ҚОМУС Сиёсат

Ўтган чорак аср давомида юртдошларимиз шу нарсаларга амин бўлдиларки, Конституциямиз бозор муносабатлари ва хусусий мулк устуворлигига асосланган ҳуқуқий демократик давлат, кучли фуқаролик жамияти барпо этиш, Ўзбекистоннинг халқаро майдонда муносиб ўрин эгаллашида пойдевор бўлаётир.
Мисол учун, Бош Қомусда белгиланган қоида ва тамойиллар ҳамда давр талаби асосида ишлаб чиқилган Ҳаракатлар стратегияси ғоялари мамлакатда барча соҳаларда мутлақо янги тизим яратишни таъминламоқда. Ҳаракатлар стратегияси марказининг ташкил этилиши эса унинг ғояларини оқилона, босқичма-босқич, энг муҳими, халқ таклифлари асосида рўёбга чиқариш имкониятини бераётир.

Ҳаракатлар стратегиясида уй-жой ва йўл қурилишининг ижтимоий соҳага киритилиши аҳоли фаровонлиги ва инсон эркинлигини тўла таъминлашга қаратилган сиёсатдир. Чунки мақсад қуришгина эмас, кимга нима учун қуришдадир. Пировардида шаҳар ва қишлоқларда арзон кўп қаватли уйларнинг фойдаланишга топширилиши минглаб юртдошларимизда давлатнинг бугунги сиёсатига нисбатан ишончни мустаҳкамламоқда.
Иқтисодий соҳадаги янги қонунлар, Президентнинг фармон ва қарорлари эса уларнинг ижро механизми ҳам яратилаётгани боис ҳозирданоқ ўз самарасини бера бошлади. Мисол учун, Ургут эркин иқтисодий зонасида қишлоқ хўжалик маҳсулотларини қайта ишлаш ва фармацевтика корхоналари ўз фаолиятини бошлади. Илгари бундай тадбирларга катта муддат керак эди.

Конституциянинг қудрати шундаки, у давлатнинг салоҳияти, фуқаронинг эркини таъминлайди. Президент Ш.Мирзиёев буни "Фуқаролар бадавлат яшасагина давлат кучли бўлади" деган сўзида жуда аниқ ифодалаган. Давлат халқ учун хизмат қилади. Бу хулоса Конституциямизнинг 2-моддасида "Давлат халқ иродасини ифода этиб, унинг манфаатларига хизмат қилади. Давлат органлари ва мансабдор шахслар жамият ва фуқаролар олдида масъулдирлар" деган норма билан мустаҳкамланган.
Биз бу ҳолатни ҳаётда реал кўриб турибмиз. "Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида"ги Қонун ҳамда "Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили" Давлат дастури ижтимоий ҳаётда очиқлик ва шаффофлик баробарида ўзига хос жўшқинликни юзага келтирганини кўриб турибмиз.

Илгари оддийгина патентни қийналиб олган, солиқ юки кўплигидан даромадини яширишга интилган тадбиркорлар эндиликда йирик лойиҳаларни тақдим этаётгани, ички бозорни тўлдиришдан ташқари рақобатбардош, экспортбоп маҳсулот ишлаб чиқараётгани бор гап. Қолаверса, чет эл сармоядорлари ҳам бугун қонунчиликдаги енгилликлар боис Ўзбекистонда тадбиркорликни йўлга қўйишни истамоқда. Биргина шу йилнинг ўзида Самарқанд вилоятида хориж сармояси иштирокида ўндан ортиқ қўшма корхона очилди. Келгуси йилда бу рақам икки баравар кўпайиши кутилмоқда. Самарқанд шаҳрида янги ташкил этиладиган туристик марказда ҳам амалий ишлар бошланди. Келгуси беш йилда эса шаҳарнинг янги маъмурий маркази қурилади. Айни пайтда бу борада изчил ишлар олиб борилмоқда.
Умуман, бугун амалга оширилаётган барча ислоҳотлар, бунёдкорлик ишлари Конституциямизда белгилаб қўйилган ҳуқуқий асос ва кафолатлар туфайлидир. 
Норқул СОДИҚОВ,
Олий Мажлис Сенати аъзоси.


Reklama huquqi asosida