Охирги янгиликлар

КОНСТИТУЦИЯ – ҚОНУН УСТУВОРЛИГИГА КАФОЛАТ Сиёсат

Бу йил Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганига 25 йил тўлмоқда. Конституция қабул қилинганидан буён шу кунга қадар унга киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар Бош Қомусимизни янада такомиллаштирди. 
Президентимиз Ш.Мирзиёев томонидан жорий йил 6 апрелда имзоланган "Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартишлар ва қўшимча киритиш тўғрисида"ги Қонунга биноан Ўзбекистон Республикасида суд тизимини такомиллаштириш ва унинг фаолияти самарадорлигини ошириш, судьялар корпусини янада мустаҳкамлаш ва суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 80, 81, 83, 93, 107, 110, 111-моддаларига тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

Конституциянинг 80-моддаси 2-4 бандларига асосан, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг мутлақ ваколатларига Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдимига биноан тегишинча Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судини, Олий судини ва Олий хўжалик судини сайлаш ваколати белгиланган эди. Суд-ҳуқуқ соҳасидаги замонавий ўзгаришлар, жумладан, мамлакатимизда Олий суд ва Олий хўжалик судларининг бирлаштирилиши, мутлақо янги институт, яъни конституцион мақомга эга бўлган Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашининг ташкил этилиши муносабати билан конституциямизнинг юқоридаги нормаларига муайян ўзгартиришлар киритилиб, ушбу бандларга асосан Олий Мажлис Сенати тегишинча Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдимига биноан Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг раиси, раис ўринбосари ва судьяларини, Олий судининг раиси, раис ўринбосарлари ва судьяларини сайлаш ҳамда Судьялар олий кенгаши раисини тайинлаш ваколатига эга эканлиги белгиланди.

Конституциянинг 81-моддаси 7-қисмида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенати, шунингдек, уларнинг органлари мажлисларида мамлакат Президенти, Бош вазир, Вазирлар Маҳкамасининг аъзолари, мамлакат Конституциявий суди, Олий суди, Олий хўжалик суди раислари, Бош прокурори, Марказий банки бошқарувининг раиси иштирок этишлари мумкин деб белгиланган нормага тегишли ўзгартириш киритилди. Мазкур ўзгартиришга кўра, эндиликда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенати, шунингдек, уларнинг органлари мажлисларида мамлакат Президенти, Бош вазир, Вазирлар Маҳкамасининг аъзолари, мамлакат Конституциявий суди, Олий суди, Судьялар олий кенгаши раислари, Бош прокурори, Марказий банки бошқарувининг раиси иштирок этишлари мумкин.

Конституциянинг 83-моддасида мамлакатимизда қонунчилик ташаббуси ҳуқуқига эга бўлган саккизта субъект, яъни мамлакат Президенти, ўз давлат ҳокимиятининг олий вакиллик органи орқали Қорақалпоғистон Республикаси, Қонунчилик палатаси депутатлари, Вазирлар Маҳкамаси, Конституциявий суд, Олий суд, Олий хўжалик суди, Бош прокурор санаб ўтилган эди. Эндиликда Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Олий хўжалик судларининг суд ҳокимиятининг ягона олий органи – Ўзбекистон Республикаси Олий судига бирлаштирилганлиги муносабати билан қонунчилик ташаббуси ҳуқуқига эга бўлган субъектлар таркибидан олий хўжалик суди чиқарилди. 

Конституциянинг 93-моддаси 13-бандига кўра, Ўзбекистон Республикасининг Президенти Олий Мажлиснинг Сенатига Конституциявий суд раиси ва судьялари, Олий суд раиси ва судьялари, Олий хўжалик суди раиси ва судьялари, Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқарувининг раиси, Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг раиси лавозимларига номзодларни тақдим этиши назарда тутилган эди. Эндиликда эса ушбу банд Ўзбекистон Республикасининг Президенти Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенатига Конституциявий суд раиси, раис ўринбосари ва судьялари, Олий суд раиси, раис ўринбосарлари ва судьялари, Судьялар олий кенгаши раиси, Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқарувининг раиси, Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг раиси лавозимларига номзодларни тақдим этади, тарзида ўзгартирилди.

Шу модданинг 14-бандига кўра, Президент вилоят, туманлараро, туман, шаҳар, ҳарбий ва хўжалик судларининг судьяларини тайинлаши ва лавозимларидан озод этиши назарда тутилган эди. Мазкур бандга киритилган ўзгартиришларга кўра, эндиликда Президент Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши тақдимига биноан вилоят ва Тошкент шаҳар судлари раислари ва раис ўринбосарларини, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди раисини тайинлайди ва лавозимларидан озод этади. Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши аъзоларини қонунга мувофиқ тасдиқлайди.

Конституциямизга киритилаётган ўзгартиришлар ва қўшимча бевосита суд мустақиллигини таъминлаш, улар фаолиятини янада такомиллаштириш, унинг нуфузини оширишга қаратилган. Жумладан, Конституциянинг 111-моддасига асосан, суд-ҳуқуқ тизимида янги институт – Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши жорий этилиб, унга конституциявий институт мақоми  берилди. 
Мазкур институтга конституциявий мақом берилиб, унинг нуфузи оширилишидан мақсад, келгусида мазкур тузилма инсон тақдири билан боғлиқ ўта масъулиятли вазифаларга номзодларни танлаш ва уларни судьялик лавозимига тайинлаш тизимини тубдан такомиллаштириш, судьяларнинг ушбу жараёндаги иштирокини кенгайтириш ҳамда юқори малакали судьялар корпусини шакллантиришдек ўта муҳим вазифаларни бажаради. Зеро, суд ўз қарори билан кўплаб инсонлар ҳаётини ҳал қилади, тақдирига таъсир кўрсатади. Шунинг учун ҳам бу масалага ҳар томонлама масъулият билан ёндашиш кенгаш олдидаги асосий вазифа бўлиб ҳисобланади.
Т.ЭШМАНОВ,
халқ депутатлари вилоят
Кенгаши депутати.


Reklama huquqi asosida